Ўзбекистон | 20:41 / 06.12.2025
2122
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида авиақатновлар кўпайтирилади

“Fly Jinnah” авиакомпанияси 2026 йилда 4 та янги йўналишда мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.

Фото: "Дунё" АА

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Fly Jinnah” хусусий авиакомпанияси раҳбари Саид Арман Яҳя билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида ҳаво қатновлари географиясини кенгайтириш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш ва авиакомпаниялар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан ҳаво транспорти орқали юк ташишни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги савдо ҳажмини, туристлар оқимини ошириш, қўшма корхоналарни ташкил этиш, Ўзбекистонда фуқаро авиациясини янада ривожлантириш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ва ушбу йўналишда ўз фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳақида айтиб ўтилди.

Саид Арман Яҳя “Fly Jinnah” авиакомпанияси, унинг келгуси режалари ҳақида сўзлаб берди. 

«Парвозлар географиясини кенгайтириш доирасида 2026 йилда 4 та янги йўналишда мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Шу маънода Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳаво транспортида юк ташувларини амалга ошириш, жумладан алоҳида юк рейслари ва LCL-хизматларини йўлга қўйиш, мамлакатимиз орқали учувчи транзит йўловчилар учун қулайлик яратиш ва Тошкент шаҳрини минтақавий хабга айлантириш учун йўловчилар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон авиакомпаниялари, хусусан “Uzbekistan Airways” АЖ билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан манфаатдормиз» , – деди у.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалалар бўйича алоқаларни янада ривожлантириш ва тегишли ташкилотлар билан учрашувлар ташкил этишга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид