Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полшада қийин аҳволга тушган икки фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди
Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси саломатлиги ёмонлашган ва ҳужжатларини йўқотиб, молиявий қийинчиликка дуч келган икки нафар фуқарони ватанга қайтариш учун зарур чораларни амалга оширди.
Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси томонидан қийин вазиятга тушиб қолган икки нафар ватандош Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Маълум қилинишича, элчихонага икки нафар ватандош мурожаат қилган. Улардан бири — Наманган вилоятидан бўлган фуқаро саломатлигидаги муаммо сабаб оғир аҳволга тушган. Иккинчи фуқаро эса Қашқадарё вилоятидан бўлиб, молиявий қийинчилик ҳамда ҳужжатларини йўқотгани боис ёрдам сўраган.
Элчихона вакиллари мазкур фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш учун зарур чора-тадбирларни амалга оширган. Хусусан, бетоб бўлиб қолган ватандош инсулт ташхиси билан тиббий муассасада даволанган. Полша тиббиёт муассасаси тавсиясига мувофиқ, унга парвозга рухсат берилгунга қадар зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, иккинчи ватандошга ватанга қайтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар расмийлаштириб берилган.
Фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш Варшава—Рига йўналишида махсус транспорт орқали, Рига—Тошкент йўналишида эса авиарейс билан амалга оширилган. Ҳар икки фуқаро учун Латвияга кириш рухсатномалари расмийлаштирилиб, транзит ҳаракати таъминланган. Ригагача транспорт хизматлари ташкил этилган ва авиачипталар харид қилинган.
Қайд этилишича, авиачипта харажатлари Ўзбекистон Миграция агентлиги ҳисобидан қопланган.