Жаҳон | 12:53 / 07.01.2026
2029
4 дақиқада ўқилади

Киев иттифоқчилари Украинага кафолатлар ҳақида декларация имзолади

“Кўнгиллилар коалицияси” иштирокчилари Париждаги учрашувда Украина учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисида декларацияни имзолади. Шунингдек, Париж, Лондон ва Киев оташкесимдан кейин Украинада қўшин жойлаштириш бўйича келишувни ҳам имзолади.

Фото: Sarah Meyssonnier/REUTERS

“Кўнгиллилар коалицияси”га кирувчи давлатлар Украина учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисида декларация имзолади. “Бугун биз сезиларли илгарилашга эришдик — бу барқарор тинчлик учун ишончли кафолатларни тақдим этувчи Париж декларациясида ўз аксини топди. ‘Кўнгиллилар коалицияси’нинг ушбу баёнотида илк бор бирлашмага кирувчи 35 давлат ҳамда Украина ва АҚШ ўртасидаги амалиётдаги яқинлашув тан олинмоқда. Биз ишончли хавфсизлик кафолатлари ҳақида гапиряпмиз”, — деди Парижда сешанба, 6 январ куни АҚШ вакиллари иштирокида ўтган учрашув якунлари бўйича Франция президенти Эммануэл Макрон. У келишилган бандларни алоҳида-алоҳида санаб ўтди. Улар қаторида — АҚШ раҳбарлигида оташкесимга риоя этилишини мониторинг қилиш, Украинага мудофаа учун узоқ муддатли қурол-яроғ етказиб бериш, шунингдек келгусида Россия томонидан такрорий ҳужум содир бўлса, мамлакатни қўллаб-қувватлаш бўйича мажбурий келишувларни қабул қилиш устида ишлаш каби масалалар бор.

Бундан ташқари, Киев, Париж ва Лондон ниятлар декларациясини имзолади. Буюк Британия бош вазири Кир Стармер сўзларига кўра, бу ҳужжат оташкесимдан кейин Украинада Британия, Франция ва бошқа “ҳамкор” давлатлар қўшинларини жойлаштириш учун “ҳуқуқий асос” яратади.

“Бу — Украинани узоқ муддатда қўллаб-қувватлаш бўйича бизнинг мустаҳкам мажбуриятимизнинг энг муҳим қисми”, — дея Стармернинг сўзларини унинг идораси келтиради. Бош вазир, шунингдек, оташкесим режими бошланиши билан Буюк Британия ва Франция Украина бўйлаб “ҳарбий марказлар” ташкил этишини ва “қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техникани сақлаш учун ҳимояланган объектлар” қуришини айтди.

Германиянинг иштироки ҳақида гапирар экан, ГФР канцлери Фридрих Мерц мамлакат, масалан, ўз қўшинларини Украина билан қўшни бўлган НАТО давлатларидан бирида жойлаштириши мумкинлигини билдирди. Бундай давлатлар қаторида Полша, Руминия, Венгрия ва Словакия тилга олинган. “Ўз номимдан ва федерал ҳукумат номидан айтаман: биз ҳеч нарсани истисно қилмаймиз”, — дея Мерцнинг сўзларини келтиради dpa агентлиги.

Украина президенти Володимир Зеленский Франция ва Буюк Британия билан имзоланган келишувни “жуда аниқ” деб атади. Унинг айтишича, Украина томонида аллақачон етарли маълумот бор: қайси давлатлар келишувда иштирок этиши ва уларнинг ҳар бири қандай ҳисса қўшиши маълум.

Шу билан бирга, Зеленский айрим масалалар, хусусан, ҳудудий масала ҳал этилмай қолганини қайд этди.

“Кўнгиллилар коалицияси”нинг Париждаги учрашувида АҚШдан президентнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва давлат раҳбарининг маслаҳатчиси Жаред Кушнер иштирок этди. Уиткофф учрашув якунларига кўра, хавфсизлик кафолатлари лойиҳаси ва Украина тикланиши режаси каби бир неча йўналишда “сезиларли илгарилаш”га эришилганини айтди.

“Биз коалиция билан шу фикрдамиз: барқарор хавфсизлик кафолатлари ва иқтисодий фаровонликни таъминлашга оид ишончли мажбуриятлар Украинада мустаҳкам тинчлик учун жуда муҳим, ва биз бу борада қўшма ишни давом эттирамиз”, — деб ёзди Уиткофф X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. У, шунингдек, украин делегацияси билан музокаралар 6 ва 7 январ кунлари давом этишини қўшимча қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид