Жаҳон | 13:03 / 09.01.2026
2511
4 дақиқада ўқилади

Сўров: Немислар АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий операциясини маъқулламади

АҚШнинг Венесуэлада ўтказган ҳарбий операцияси январ ойининг илк дам олиш кунларида Германияда кенг тушунмовчилик уйғотди. Бу ҳақда 8 январ, пайшанба куни эълон қилинган Deutschlandtrend сўрови натижалари далолат беради. Ушбу сўров жамоатчилик-ҳуқуқий ARD телеканали буюртмаси асосида Infratest dimap институти томонидан ҳар ой ўтказилади.

Фото: AP

Шу тариқа, Германияда сўровда иштирок этганларнинг ҳар ўн нафаридан еттитаси (72 фоиз) АҚШнинг Жанубий Америкадаги бу мамлакатга ҳарбий аралашувини асоссиз, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг ҳар ўн нафаридан саккиз нафари (82 фоиз) эса жаҳон сиёсатида “кучли ҳақ” тамойилининг кучайиши уларни хавотирга солаётганини айтган. Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг атиги 39 фоизи Германиянинг АҚШ ҳаракатларига нисбатан “АҚШ президенти Доналд Трампни қўзғатиб юбормаслик учун” эҳтиёткорона оммавий муносабат билдиргани ўзини оқлайди, деб ҳисоблайди.

Сўровда қатнашганларнинг аниқ ярми, аксинча, Германия ва Европа Иттифоқи АҚШни очиқ ва қатъий танқид қилиши тарафдори — ҳатто бу Трамп билан муносабатларни мураккаблаштириши мумкин бўлса ҳам.

Ҳарбий операция немис жамиятида АҚШ ҳақидаги тасаввурни яхшиламади. Германия аҳолисининг фақат 15 фоизи АҚШни ўз мамлакати учун ишончли ҳамкор, деб билади — бу Deutschlandtrend сўровлари тарихидаги энг паст кўрсаткич. Таққослаш учун: ҳозир Францияни ишончли ҳамкор, деб ҳисобловчилар 78 фоиз, Буюк Британияни — 74 фоиз.

Украинани ишончли ҳамкор, деб билувчилар 40 фоизни ташкил этса, 48 фоиз Украинага ишониб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг атиги 9 фоизи Россияни ишончли ҳамкор, деб ҳисоблайди, 83 фоиз эса уни ишончсиз, деб баҳолайди.

Сўровда иштирок этганларнинг фақат ҳар саккизинчиси Трамп фаолиятини ижобий баҳолайди — бу ҳатто унинг иккинчи президентлик муддати бошланган даврдаги даражадан ҳам паст. Шу билан бирга, немисларнинг Германия—АҚШ муносабатлари аҳволи ва АҚШнинг НАТО доирасида хавфсизлик кафолатчиси сифатидаги роли борасидаги хавотири юқори даражада қолмоқда.

Айни пайтда Германия фуқароларининг ярмидан кўпроғи НАТОга камроқ боғлиқ бўлган Европа ҳарбий иттифоқини шакллантириш ғоясини барқарор қўллаб-қувватламоқда. Бу позиция барча сиёсий партиялар тарафдорлари орасида кенг тарқалган.

Халқаро вазиятнинг беқарорлиги Германияда ҳокимиятдаги “қора-қизил” коалицияга босимни кучайтираётгани қайд этилган. Бу коалиция таркибига Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) блоки, шунингдек Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) киради. Сайловчиларнинг тахминан 84 фоизи ички сиёсий вазиятни хавотирли, деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг фақат ҳар бешинчиси мамлакат ҳукумати ишидан мамнунлигини билдирган.

Иқтисодий ҳолатга берилган баҳолар пастлигича қолмоқда, миграция сиёсатига оид масалалар эса ўтган йилга нисбатан хавотир бироз камайганига қарамай, ҳали ҳам сезиларли ишончсизлик уйғотмоқда. Респондентларнинг тахминан ярми ҳукмрон коалиция яқин бир йил ичида сақланиб қолиши мумкин, деб ҳисобласа, деярли шунча киши унинг парчаланишини кутаётганини айтган.

Агар Бундестаг сайловлари келаси якшанба ўтказилса, овоз бериш натижаларида катта ўзгариш қайд этилмаган. ХДИ/ХСИ блоки 28 фоиз овоз олар эди, ГСДП — 13 фоиз, ўта ўнг “Германия учун муқобил” (AfD) — 25 фоиз. “Иттифоқ-90/яшиллар” партияси ва Сўл партия кўрсаткичларини мос равишда 12 фоиз ва 10 фоиз даражасида сақлаб қолган. Қолганлари, жумладан “Сара Вагенкнехт иттифоқи” ва Эркин демократик партия (FDP) 5 фоизлик тўсиқдан ўта олмас эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид