Жаҳон | 09:04 / 10.01.2026
3750
3 дақиқада ўқилади

Теҳрон Еврoпа давлатларини “иккиюзламачилик”да айблади

АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британия Эрон ҳокимиятини намойишчиларга нисбатан зўравон ҳаракатлар ва уларни ўлдиргани учун қораламоқда. Эрон ҳокимияти эса ЕИни “иккиюзламачилик”да, АҚШни эса намойишларни қўзғатишда айбламоқда.

Фото: AP

Германия, Франция ва Буюк Британия жума куни, 9 январда, Эронда 13-кун давом этаётган оммавий намойишлар фонида Эрон раҳбариятини зўравонлик қўллашдан воз кечишга қатъий чақирди. Германия федерал канцлери Фридрих Мерц, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг қўшма баёнотида: “Биз Эрон хавфсизлик кучлари томонидан зўравонлик қўлланаётгани ҳақидаги хабарлардан чуқур хавотирдамиз ва намойишчиларнинг ўлдирилишини энг қатъий тарзда қоралаймиз”, — дейилади.

Европа етакчилари Эрон ҳокимиятини ўзини тийишга ва мамлакат фуқароларининг асосий ҳуқуқларига риоя қилишга чақирди.

“Евроучлик”нинг қўшма баёнотига жавобан Эроннинг Берлиндаги дипломатик миссияси Франция, Германия ва Буюк Британияни “Эроннинг ички ишларига ёвуз аралашув”да айблади — уларнинг мақсади “зўравонликни қўзғатиш” экани айтилди. “Эрон халқига қарши узоқ вақтдан бери ноқонуний иқтисодий уруш олиб бораётганлар унинг оқибатлари учун жавоб бериши керак”, — дея билдирди улар. Бу сўзлар билан халқаро санкциялар назарда тутилгани ишора қилинди.

Намойишлар бошланганидан бери, Норвегиядаги Iran Human Rights (IHR) ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, 51 нафар намойишчи ўлдирилган. Хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларда юзлаб намойишчилар яраланган.

Ташкилот, шунингдек, ҳозирча жорий рақамларга киритилмаган бўлса-да, Теҳрон, Машҳад ва Ҳамадонда ўнлаб намойишчилар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни ҳам текширмоқда. “Интернет ўчирилгандан кейин зўравонлик эскалацияси ва намойишчиларнинг оммавий ўлдирилиши хавфи ниҳоятда жиддий”, — дея огоҳлантирди IHR директори Маҳмуд Амирий-Муғаддам.

Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий оммавий намойишларни кескин қоралади. 9 январ куни у намойиш иштирокчиларини “иғвогарлар” ва “мамлакатга зарар етказаётган” одамлар деб атади. “Вайрон қилиш — айрим шахсларнинг иши”, — деди Хоманаий. Унинг қўшимча қилишича, улар бундай бузғунчиликни “фақат АҚШ президенти хурсанд бўлиши учун” қилмоқда, бунда у Доналд Трампни назарда тутган.

Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид Ираваний ҳам Reuters агентлигига кўра, Вашингтон ва Исроил ҳукуматини “беқарорлаштирувчи ҳаракатлар”да ва “тинч намойишларни зўравон вандализм актларига айлантириш”да айблаган.

АҚШ президенти Доналд Трамп, ўз навбатида, Эрон “катта муаммога дуч келгани”ни айтиб, яна ҳарбий аралашув ҳақида огоҳлантирди. “Агар улар аввалгидек одамларни ўлдира бошласа, биз аралашамиз. Бу ерда қўшинлар қуруқликка тушади дегани эмас, аммо бу — биз уларга энг оғриқли жойидан жуда қаттиқ зарба берамиз дегани”, — дея AFP агентлиги Оқ уй раҳбаридан иқтибос келтиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид