Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина суди Тимошенко учун 661 минг евро гаров белгилади
Судя Юлия Тимошенкога қарийб 661 минг евро миқдорида гаров қўллаш тарзида эҳтиёт чорасини белгилади. “Батькивщина” фракцияси раҳбари Рада депутатларига “тўғри” овоз бериш учун пора таклиф қилганликда гумонланмоқда.
Украина Олий антикоррупция суди (ОАС) жума куни, 16 январда Олий рададаги “Батькивщина” фракцияси раҳбари Юлия Тимошенкога нисбатан 33,3 миллион гривна ( 660 900 евро ) миқдорида гаров қўллаш тарзида эҳтиёт чорасини белгилади, деб хабар берди DW мухбири. Бундан ташқари, суд Тимошенкога терговчи рухсатисиз Киев вилояти ҳудудини тарк этишни тақиқлади ва 60 нафардан ортиқ парламент аъзоси билан алоқа қилишини чеклади. У, шунингдек, хорижга чиқиш паспортларини топшириши шарт.
Шу тариқа судя Виталий Дубас Украина Миллий антикоррупция бюроси (УМАБ) ва Махсуслаштирилган антикоррупция прокуратураси (МАП)нинг илтимосномасини қисман қаноатлантирди. Ушбу идоралар Тимошенкони “Слуга народа” фракцияси аъзоларига пора таклиф қилганликда гумон қилмоқда. МАП прокурори гаров миқдорини 50 миллион гривна қилиб белгилашни сўраган эди.
Суд мажлиси давомида жиноят ишига оид қатор тафсилотлар маълум бўлди. Хусусан, Тимошенко УМАБ илгарироқ суҳбатнинг бир қисмини оммага чиқарган депутат кимлигини ўзи айтди. Гап “Слуга народа” фракциясининг миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари қўмитасидаги вакили Игор Копитин ҳақида кетмоқда. Иш материалларида у “Мазур” тахаллуси билан қайд этилган.
2025 йил декабр ойида Копитин депутатларни оммавий сотиб олиш ҳақидаги маълумот билан УМАБга мурожаат қилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар топшириғига кўра жиноятни ҳужжатлаштиришга киришган.
Терговнинг асосий далили — Копитин ва Тимошенко ўртасидаги 12 январдаги суҳбат аудиоёзувлари ҳисобланади. Тасмаларда Тимошенко суҳбатдошига “кўпчиликни йиқитиш/йўқ қилиш” истаги ҳақида гапиради ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар версиясига кўра, Копитин ҳамда унинг гуруҳидаги икки нафар халқ депутатига “Батькивщина” билан келишилган тарзда қонун лойиҳалари ёки кадр қарорлари бўйича овоз бериш эвазига ҳар ой 5 минг доллардан таклиф қилади.
14 январга ўтар кечаси “Батькивщина” офисида ўтказилган тинтув вақтида УМАБ ходимлари нақд пул солинган пакет, шунингдек турли фракциялардан бўлган халқ депутатларининг овоз бериши ҳақидаги маълумотларни топган. Улар фикрича, бу халқ вакилларини тизимли равишда сотиб олиш бўлганини кўрсатиши мумкин.
Тимошенко УМАБ эълон қилган ёзувларни “сохталаштирилган” деб атади ва бу суҳбат “ҳаётида ҳеч қачон” бўлмаганини билдирди. “Биринчидан, мен жуда аниқ айтмоқчиман: мен ҳеч қачон (УМАБ ёзувларидаги каби — таҳр.) бундай сўзларни айтмаганман. Бугун эса судяга бу аудио мутлақо сохталаштирилганини исботлайман”, — деди Тимошенко ОАС мажлисидан олдин. Шунингдек, у журналистларга тасмаларда овози эшитиладиган иккинчи депутат кимлигини билмаслигини айтган.
Суд мажлисида Тимошенко ўзига хос жўшқинлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар айбловларини рад этган, бироқ Игор Копитин билан бир неча бор учрашганини ва парламентда ҳамкорлик ҳақида суҳбатлар бўлганини тасдиқлаган. “Аммо мен ҳеч қачон овоз бериш учун пул таклиф қилмаганман”, — деб ишонтирган у судя Дубасни суд залида юздан ортиқ журналист ва тингловчилар кузатиб турган бир пайтда. УМАБ унинг офисида топган маълумотларни эса Тимошенко партия томонидан доимий равишда овоз беришларни таҳлил қилиш ишлари олиб борилиши билан изоҳлаган.
Тимошенконинг кўп йиллик адвокати Дмитрий Титаренко МАП прокурори Виталий Гречишкинни Тимошенко билан Копитин суҳбатининг тўлиқ ёзувини эълон қилишга ва Копитинни судга гувоҳ сифатида чақиришга ундаган. 2011 йилдаги “газ иши” даврида ҳам сиёсатчини ҳимоя қилган адвокатни, айниқса, УМАБ ходимлари ишга Тимошенко бўйича ўша пайтда Киевнинг Печерск суди чиқарган, кейин эса Олий суд томонидан бекор қилинган айблов ҳукмини қўшиб қўйгани хавотирга солган.
Тимошенко нутқида ҳозирги ва аввалги жиноят ишларини таққослаб, охир-оқибат уни “фашистик режим” таъқиб қилаётганини айтган: гўёки у режим уни Украина суверенитетини хорижий корпорациялар дахл қилишидан ҳимоя қилишдан тўсмоқчи. “Мен қочиб яширинишни режалаштирмаяпман ва мамлакатдан бир қадам ҳам чиқмайман, чунки унда уни ким қутқаради?” — деди Рада депутати.
Мавзуга оид
10:25
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
08:45
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25 / 08.06.2026