Жамият | 14:41 / 31.01.2026
2381
2 дақиқада ўқилади

Қатор ҳудудларда гиёҳвандлик воситалари савдосига алоқадор шахслар ушланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Сурхондарё, Самарқанд ва Наманган вилоятларида гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи воситалар савдоси билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар фош этилди.

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Шўрчи тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Х.Ж. ва А.Р. фуқаро М.Х.га “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 12,5 млн сўмга сотган вақтида ушланди. Тадбир давомида улардан 28,74 грамм гиёҳвандлик воситаси ҳамда “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Шунингдек, Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда телеграм мессенжерида канал-бот ташкил этган шахслар кучли таъсир қилувчи, психотроп ва гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиб келгани аниқланган. Маълум бўлишича, улар фуқарога таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган 0,9 грамм SK White номли воситани 1,1 млн сўмга сотишга келишиб, пул маблағини бошқа фуқаро номига очилган пластик картага ўтказиб олган. Гиёҳвандлик воситаси эса Тошкент шаҳридаги Жанубий темир йўл вокзали ёнидаги қурилиши битмаган бино атрофига кўмиб қўйилгани қайд этилган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Чортоқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган тадбирда фуқаро А.Н. “Дўстлик” МФЙ ҳудудига 1,75 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Маълум қилинишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, иш материаллари терговга тегишлилиги бўйича юборилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид