Жаҳон | 14:28 / 18.02.2026
2821
3 дақиқада ўқилади

Патрушев НАТОни “ҳужумкор гуруҳ” тузишда айблади

НАТО “амалда ҳужумкор ҳаракатларга йўналтирилган кўпмиллатли гуруҳ тузмоқда”, дея даъво қилди РФ президенти ёрдамчиси Николай Патрушев.

Фото: Павел Бедняков / РИА Новости

Россия Болтиқ денгизида блокада юзага келиб, вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш имконсиз бўлса, ўз ҳарбий-денгиз флотини ишга солади. Бу ҳақда сешанба, 17 феврал куни чоп этилган “Аргументы и факты” газетасига берган интервюсида РФ президенти ёрдамчиси Николай Патрушев билдирди. У айни пайтда РФ Денгиз коллегияси раиси ҳам ҳисобланади.

«Биринчи қадам сифатида биз умумэътироф этилган сиёсий-дипломатик ва ҳуқуқий механизмларни ишга соламиз», — деди Патрушев. «Агар бу вазиятни тинч йўл билан тартибга солишнинг иложи бўлмаса, у ҳолда блокадани ёриб ўтиш ва бартараф этиш билан ҳарбий-денгиз флоти шуғулланади», — деб қўшимча қилди Патрушев. У 2000-йиллар бошида РФ Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) директори лавозимида ишлаган.

Николай Патрушев НАТО “амалда ҳужумкор ҳаракатларга йўналтирилган кўпмиллатли гуруҳни яратаётгани”ни, шунингдек Финландия “шимол-ғарбий РФ ҳудудларига етиб бора оладиган” зарба берувчи қуроллар билан жиҳозланган корветлар билан ўз ҳарбий-денгиз кучларини таъминлаётганини айтди.

Патрушев версиясига кўра, Шимолий Атлантика алянси Калининград вилоятини блоклашни, шунингдек Россиянинг денгизларга чиқишини ҳам тўсишни режалаштирмоқда — “ҳеч бўлмаганда Атлантика ҳавзасида. «Европа байроқлари остида денгизларда жуда кўп кемалар қатнайди, буни унутмайлик. Бизда ҳам улар нима ташияпти ва қаерга олиб кетяпти, деган қизиқиш пайдо бўлиши мумкин», — дея огоҳлантирди РФ президенти ёрдамчиси.

Шу билан бирга, у Россия ҳарбий-денгиз флоти “денгиз савдосини ҳимоя қилиш вазифаларини анча юқори зўриқиш билан” бажараётганини ҳам тан олди. Николай Патрушевнинг айтишича, узоқ масофали денгиз ва океан зоналарида, базалардан катта узоқликда узоқ вақт мустақил ҳаракат қила оладиган кемалар анча кўпроқ керак.

Ғарб давлатлари Москвани нефт экспортига қўйилган санкцияларни “соя флоти” деб аталувчи кемалар орқали айланиб ўтаётганликда айблайди. Бу кемалар кўпинча назорат даражаси паст бўлган юрисдикцияларда рўйхатдан ўтказилади ёки қалбаки компаниялардан иборат мураккаб занжирлар орқали бошқарилади ҳамда ташиш йўналишлари ва юк ҳақидаги маълумотларни очиқламайди.

2025 йил феврал ҳолатига кўра, ЕИ санкциялари остида 153 та танкер, Буюк Британияда — 133 та, АҚШда — 183 та танкер бўлган. Шу билан бирга, Доналд Трамп маъмурияти Канаданинг санкциялар бузилишини мониторинг қилиш учун махсус гуруҳ тузиш ҳақидаги таклифини рад этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид