Жамият | 12:24 / 21.02.2026
3192
1 дақиқада ўқилади

ДХХ ва ИИБ тезкор тадбири: 5,6 мм калибрли патронлар аниқланди

Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўқотар қуроллар ҳамда ўқ-дориларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Конимех туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Фото: ИИБ

Тадбир давомида Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган шахсга тегишли “Оникс” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилди. Натижада автомашина юкхонасидан 500 дона 5,6 мм калибрли, отиш учун яроқли патронлар аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг яшаш хонадонидан ҳам ноқонуний сақланаётган 600 дона 5,6 мм калибрли патронлар ашёвий далил сифатида олинди. Қайд этилишича, жами 1100 дона патрон мусодара қилинган.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатма: тегишли лицензия ёки рухсатномаси бўлмаган ўқотар қурол, унинг асосий қисмлари ва ўқ-дориларни ихтиёрий равишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширган фуқаролар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид