Ўзбекистон | 08:28 / 23.02.2026
1324
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда Орол логистика маркази ташкил этилади

Покистоннинг оммабоп The World News электрон нашрида президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилиш тафсилотларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Фото: joqargikenes.uz

Мақолада таъкидланишича, сўнгги йилларда Қорақалпоғистон иқтисодиётида сезиларли ўзгаришлар кузатилди: ҳудуд аҳоли жон бошига ҳажм бўйича паст кўрсаткичлардан юқорироқ ўринларга кўтарилган, экспорт улуши эса 4 фоиздан 30 фоизгача ошган. Умумий экспорт 2016 йилга нисбатан 3,5 карра кўпайиб, 2,1 миллиард долларга етгани қайд этилган.

Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиёти ҳажмини 102,5 триллион сўмга, аҳоли жон бошига кўрсаткични 51 миллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳаларида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларгача ошириш муҳимлиги таъкидланган.

Нашрда жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилингани келтирилган.

Инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш таклифи билдирилгани, Президент ушбу таклифни қўллаб-қувватлагани айтилган. Қорақалпоғистонга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш мақсади ҳам кўрсатилган.

Туризмни ҳудуд ривожланишининг асосий драйверларидан бирига айлантириш зарурлиги урғуланиб, “Борса келмас” туз кони ҳудудида туризм-рекреацион зона, Оролбўйи ва Устюрт платосида глэмпинг зоналари ташкил этилиши маълум қилинган. Орол денгизи қуриши оқибатларини намойиш этиш мақсадида Орол денгизи тарихи музейини замонавий технологиялар асосида модернизация қилиш режаси ҳам қайд этилган.

Шу ишлар ҳисобидан жорий йилда Қорақалпоғистонга 500 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳ жалб этиш вазифаси қўйилгани, туроператорларга қўшимча имтиёзлар жорий қилиниши айтилган. 2027 йил якунигача Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган “қуруқ порт” мақомига эга Орол логистика марказини ташкил этиш режаси ҳам келтирилган.

Мақола якунида президент Шавкат Мирзиёев белгиланган марраларга эришиш учун имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туман ва маҳаллада манзилли ёндашув асосида иш ташкил этиш ҳамда аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижасини тезлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар бергани таъкидланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид