Иқтисодиёт | 14:46 / 05.03.2026
2304
2 дақиқада ўқилади

Барча ҳудудларда Invest компаниялари ташкил этилади

Президент фармонига кўра, Toshkent Invest kompaniyasi АЖ ва Samarqand Invest kompaniyasi АЖ тажрибаси асосида республика бўйлаб акциядорлик жамияти шаклида инвестиция компаниялари ташкил этилади.

Фото: Shutterstock

Маълум қилинишича, мазкур Invest компаниялари тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. Уларнинг асосий мақсади инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда ҳудудларда иқтисодий фаолликни рағбатлантиришдан иборат.

Шунингдек, ҳужжатда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини такомиллаштириш бўйича қатор янги механизмлар ҳам назарда тутилган.

Хусусан, кўп квартирали уйлардаги хонадонларни сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш жараёни subsidiya.idm.uz дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган ҳолда, инсон омилисиз амалга оширилади.

Бундан ташқари, 2026 йил 1 апрелдан бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромадга эга фуқароларга, шунингдек ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаб келаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилади.

Қайд этилишича, ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлаш даври босқичма-босқич оширилади: 2026 йилда — охирги 1 йил, 2027 йилда — охирги 2 йил, 2028 йилдан бошлаб — охирги 3 йил давомида ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаган бўлиши талаб этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид