Иқтисодиёт | 11:40 / 05.03.2026
2456
2 дақиқада ўқилади

Хитой 1991 йилдан бери энг паст ЯИМ ўсиши мақсадини белгилади

Хитой Эрон ва Украинадаги урушлар, шунингдек Вашингтон билан савдо тортишувлари фонида ЯИМ ўсиши бўйича мақсадли кўрсаткични 4,5 фоиз даражасига туширди. Охирги уч йилда прогноз изчил равишда “тахминан 5 фоиз” деб баҳоланган эди.

Фото: WU HAO/EPA

Хитой 2026 йил учун ЯИМ ўсиши мақсадли кўрсаткичини 4,5 фоиздан 5 фоизгача бўлган оралиқда белгилади. Бу 1991 йилдан бери энг паст кўрсаткич, деб хабар берди dpa агентлиги пайшанба куни, 5 мартда. Охирги уч йилда ХХР ҳокимияти ушбу мақсадни изчил равишда “тахминан 5 фоиз” деб баҳолаб келган.

Пекинда прогнознинг пасайтирилиши глобал беқарорлик шароити билан изоҳланди, аниқроғи — Украина ва Эрондаги урушлар оқибатлари ҳамда АҚШ президенти Доналд Трамп даврида АҚШ билан савдо уруши (trade war) билан.

Dpa ёзишича, ХХР ичидаги муаммолар ҳам прогнозга таъсир қилган. Мамлакатда жадал ишлаб чиқариш билан заиф талаб ўртасида номутаносиблик сақланиб қолмоқда, ишсизлик муаммоси кескин, кўчмас мулк бозоридаги инқироз давом этмоқда.

Шу билан бирга, экспертлар қайд этишича, Хитойнинг иқтисодий модели ҳали ҳам саноат ва экспортга йўналтирилган. Янги беш йиллик бюджет режасида ҳам технологик тараққиётни тезлаштириш ва сунъий интеллектни аҳоли ҳамда корхоналарнинг кундалик ҳаётига жорий этишга урғу берилиши кутилмоқда.

Ҳарбий соҳада Хитой аввалги йўналишини сақлаб қолмоқда. ХХР ҳукумати 2026 йилда мудофаа харажатлари 1,7 трлн юан (тахминан 236 млрд евро)ни ташкил этишини билдирди, бу эса қарийб 7 фоиз ўсишни англатади. Шу тарзда, АҚШдан кейин Хитой дунёдаги иккинчи энг катта ҳарбий бюджетга эга мамлакат бўлиб қолмоқда. Пекин мудофаа харажатлари оширилишини доимий равишда қуролли кучларни модернизация қилиш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш зарурати билан асослаб келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид