Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АЭС қуриладиган ҳудудларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари тасдиқланди
Талабларга кўра, атом электр станциясини фаол тектоник ёриқлар мавжуд ҳудудда, ер ости сувлари сатҳи юқори бўлган жойларда ёки зилзила эҳтимоли 8 баллдан юқори бўлган ҳудудларда қуришга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қуриладиган ҳудуд ва майдончаларга қўйиладиган талаблар тасдиқланди. Шу ҳақдаги қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси томонидан қабул қилиниб, Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Қарор атом электр станциясини жойлаштиришда ҳудуднинг геологик, сейсмик, гидрологик ҳамда экологик хусусиятларини баҳолаш тартибини белгилайди. Унга кўра, АЭС қурилиши учун майдон танлашда табиий ва техноген хавфлар, атроф-муҳитга таъсири ҳамда аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ омиллар ҳисобга олиниши лозим.
Қоидаларга кўра, атом электр станциясини фаол тектоник ёриқлар мавжуд ҳудудларда, ер ости сувлари сатҳи юқори бўлган жойларда ёки зилзила эҳтимоли 8 баллдан юқори бўлган ҳудудларда қуришга йўл қўйилмайди. Шунингдек, карст жараёнлари кенг тарқалган ёки экологик қонунчиликка мувофиқ тақиқланган ҳудудларда ҳам АЭС қурилмайди.
Қарорда атом электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқишда зилзила, сув тошқинлари, кучли ёғингарчилик, кўчки, шамол таъсири каби табиий ҳодисалар эҳтимоли алоҳида баҳоланиши белгиланган. Бундан ташқари, АЭС атрофида жойлашган техноген хавф манбалари, жумладан портловчи моддалар омборлари, нефть ва газ қувурлари, саноат корхоналари ҳамда транспорт йўллари ҳам ҳисобга олиниши керак.
Ҳужжатга мувофиқ, АЭС лойиҳасида атроф-муҳит мониторинги, радиация тарқалиш эҳтимоли, сув ва тупроқнинг ифлосланиш хавфи ҳам мунтазам назорат қилинади. Эксплуатация қилувчи ташкилот атроф-муҳит ҳолатини кузатиш бўйича мониторинг тизимини жорий этиши ва унинг натижаларини станциянинг бутун фаолияти давомида қайд этиб бориши шарт.
Шунингдек, ҳужжатда фавқулодда вазиятлар юзага келганда аҳолини ҳимоя қилиш чораларини режалаштириш тартиби ҳам белгиланган. Жумладан, эвакуация режалари ишлаб чиқилиши, транспорт коммуникациялари ҳисобга олиниши ҳамда АЭС атрофидаги ҳудудларда аҳоли зичлиги назорат қилиниши кўзда тутилган.
Мазкур талаблар атом электр станцияси қурилиши ва эксплуатацияси жараёнида радиация хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишга қаратилган. Ҳужжат талаблари бузилган тақдирда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Мавзуга оид
09:10 / 07.06.2026
АЭС нархи очиқланди, йирик пудрат схемаси фош бўлди — ҳафта дайжести
16:12 / 05.06.2026
АЭСда ишлаб чиқарилган 1 kWh электр нархи 1000 сўмдан паст бўлади — Азим Аҳмадхўжаев
10:59 / 05.06.2026
Ўзбекистонда қуриладиган АЭС қиймати 9,5 миллиард доллардан ошмайди — "Ўзатом" директори
08:19 / 05.06.2026