Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқдаги уруш: Европада газ нархлари яна ошди
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши тез орада тугашига бўлган умиднинг сўниб бораётгани Европада нефт ва газ нархларининг кескин ошишига олиб келмоқда. Европа фючерслари сўнгги уч йил ичидаги энг юқори даражага кўтарилди, уларнинг қиймати эса қарийб 19 фоизга ошди.
9 март, душанба куни Reuters агентлиги хабар беришича, Европада газ етказиб бериш бўйича фючерслар сўнгги уч йилдан ортиқ вақт ичидаги энг юқори даражага кўтарилди, нарх эса қарийб 19 фоизга ошиб, бир мегаватт-соат учун 63 еврога етди. Бу қарийб бир ҳафта аввалги кўрсаткичдан яна 3 евродан зиёд юқоридир. Агентлик Европада ушбу ёнилғи тури нархининг янада ошишига сабаб сифатида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши тез орада тугашига бўлган умиднинг сўниб бораётганини кўрсатмоқда.
Societe Generale Commodities Research таҳлилчилари фикрича, Яқин Шарқда давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар нархлар динамикасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатишда давом этади. Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)дан суюлтирилган табиий газ (СТГ) етказиб бериш Ҳўрмуз бўғозидаги беқарор вазият туфайли қисқарган. Бундан ташқари, Исроил қувурлари орқали газ ҳозирда чекланган ҳажмда етказиб берилмоқда, шу боис Миср ва Иорданияда СТГга бўлган талаб ортмоқда.
Шунга қарамай, Bloomberg агентлиги ёзишича, ҳозирги нархлар аввалги энергетика инқирозлари давридаги энг юқори кўрсаткичлардан анча паст. Тарихий энг юқори чўққи бир мегаватт-соат учун 300 евродан ошиб кетган эди. Ҳозирги инқироз ҳали 2022 йилдаги ҳолат билан солиштирганда ҳам анча кичик миқёсда қолмоқда. Ўшанда, Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин ҳам, Европада газ нархи бир мегаватт-соат учун 90 еврогача кўтарилган эди.
Таъминот занжирларидаги узилишларга қарамай, Европа Иттифоқи давлатлари етарли нефт ва газ захираларига эга. Бу ҳақда 9 март куни Европа комиссияси хабар қилди. Европа комиссияси матбуот хизмати баёнотида шундай дейилади: “Таъминот хавфсизлиги бизни юқори энергия нархларичалик ташвишлантирмаяпти”.
Financial Times газетаси ёзишича, G7 мамлакатлари молия вазирлари фавқулодда йиғилиш ўтказиб, Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) мувофиқлаштирадиган стратегик захиралардан нефт ва газни жамоавий тарзда чиқариш имкониятини муҳокама қилади.
ХЭАга аъзо давлатлар 1,2 миллиард баррелдан ортиқ стратегик нефт захираларига эга. Манбалардан бирининг айтишича, айрим америкалик амалдорлар 300–400 миллион баррел, яъни захираларнинг тахминан 25–30 фоизини чиқаришни мақбул деб ҳисобламоқда.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг амалда тўсиб қўйилиши туфайли нефт нархи 2022 йилдан бери биринчи марта 100 АҚШ долларидан ошди. Reuters агентлиги хабар беришича, 9 март куни Лондон биржасида савдо бошида Европада эталон ҳисобланган Brent нефти фючерслари вақтинча қарийб 26 фоизга ошиб, бир баррел (159 литр) учун 116,6 долларгача кўтарилди.
Ню-Йорк товар биржасида Америка нефтининг West Texas Intermediate (WTI) маркаси бўйича фючерслар ҳам 26,51 фоизга ошиб, 115 долларга етди.
7 март куни Исроил биринчи марта Эроннинг нефт инфратузилмасига ҳаво зарбалари берди — Теҳрон ва унинг атрофидаги бешта энергетика объекти ҳужумга учради. Бунга жавобан Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Форс кўрфази мамлакатларидаги нефт объектларига ҳужум билан таҳдид қилди.
The Guardian газетаси ИИМК вакилининг қуйидаги сўзларини келтиради: “Агар сиз нефтнинг бир баррели 200 доллардан юқори бўлган нархга чидай олсангиз, ўйинни давом эттиринг”.