Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Москвада сайтларнинг “оқ рўйхатлари” ишга тушди
ОАВ хабарларига кўра, Россия пойтахтида мобил интернет учун шундай аталувчи “оқ рўйхатлар” тизими ишга тушган. Ҳозирча Рақамли ривожланиш вазирлиги ва алоқа операторлари бу воқеаларга изоҳ бермаяпти.
Москвада мобил интернет кенг кўламда бир ҳафта давомида ўчириб қўйилганидан сўнг, фойдаланувчилар учун очиқ қоладиган сайтларнинг шундай аталувчи “оқ рўйхатлари” тизими яна ишлай бошлади. Бу ҳақда 13 март, жума куни, “Коммерсант” газетаси телекоммуникация бозоридаги манбаларига таяниб хабар қилди.
Газета суҳбатдошларидан бирининг айтишича, аввал бу тизим узилишлар билан ишлаган ёки умуман ишламаган, ҳозир эса “тўлақонли” ишлай бошлаган. Бошқа бир манба эса “оқ рўйхатлар” ҳозирча қисман ишлаётганини айтган, чунки шаҳарнинг айрим ҳудудларида базавий станциялар ҳалигача ўчирилган.
Бу маълумотни Forbes журналистларига Рақамли ривожланиш вазирлигига яқин манба ҳам тасдиқлади. Ҳар икки нашр мухбирлари “оқ рўйхатлар” пойтахтнинг турли ҳудудларида, шунингдек метрода ҳам ишлаётганига шахсан ишонч ҳосил қилган.
Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги, Роскомнадзор ва алоқа операторлари “оқ рўйхатлар” жорий этилганини ҳозирча расман изоҳламаган.
Москва аҳолиси 5 мартдан буён мобил интернет ва мобил алоқага киришдаги муаммолар ҳақида хабар бермоқда. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, узилишлар гўёки Украина “ҳужумлар учун тобора мураккаб усуллардан” фойдаланаётгани сабабли “фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш” учун керак.
Алоқа чекловлари қанча вақт давом этиши ҳақидаги саволга у шундай жавоб берган: “Қанча зарур бўлса, шунча вақт”.
Чекловлар фақат оддий фойдаланувчиларгагина таъсир қилмади. ОАВ хабарларига кўра, узилишлар айрим давлат хизматлари ишини ҳам қийинлаштирмоқда, жумладан, мувофиқлаштириш учун ягона рақамли тизимдан фойдаланадиган тез ёрдам хизмати фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Блокировкалар Россия Давлат думасига ҳам таъсир қилган — у ерда камида икки кун давомида хизмат телефонларида мобил алоқа ҳам, парол билан ҳимояланган Wi-Fi тармоқлари ҳам ишламаган.
Мавзуга оид
13:08 / 13.05.2026
Зеленскийдан тролл-фармон, «музлаган» фронт: урушда нима гап?
18:34 / 07.05.2026
Бу йил Москвадаги Ғалаба парадида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари қатнашмайди
20:39 / 27.04.2026
Москвага қиш қайтди – фотолар
12:07 / 23.04.2026