Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда муниципал сайловларнинг биринчи тури бўлиб ўтди
Францияда муниципал сайловларнинг биринчи тури бўлиб ўтди. Уларнинг натижалари 2027 йил апрелига режалаштирилган Франция президентлик сайловлари яқинлашаётгани муносабати билан муҳим сиёсий кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
Парижда сўл партиялар коалицияси номзоди Эммануэл Грегуар 38 фоиз овоз тўплаб, ўнг марказчи “Республикачилар” партияси вакили Рашида Датини ортда қолдирмоқда. Дати 24 фоиз овоз олган. Бу ҳақда AFP агентлиги расмий бўлмаган дастлабки натижаларга таяниб хабар қилди.
Иккинчи турда, шунингдек, Пер-Ив Бурназел (“Горизонтлар”) ва София Шикиру (“Бўйсунмас Франция”) рўйхатлари ҳам иштирок этади.
Гавр шаҳрида марказчи “Горизонтлар” партияси вакили Эдуар Филипп, у президентлик лавозимига даъвогарлардан бири сифатида тилга олинади, қарийб 44 фоиз овоз тўпламоқда. Сиёсатчи мэрликка қайта сайланишини президентлик кампаниясида иштирок этишнинг мажбурий шарти деб белгилаган.
Франциянинг иккинчи йирик шаҳри — Марселда амалдаги мэр Бенуа Пайян (бир қатор сўл партиялар бирлашмаси) ўта ўнг номзод Франк Аллизо (“Миллий бирлашув”) билан кураш олиб бормоқда — ҳар иккиси тахминан 35,4 фоиздан овоз олган.
Ўта ўнг кучлар Франциянинг жанубидаги қатор шаҳарларда кучли позиция намоён қилди. “Миллий бирлашув” Перпинянда қайта ғалаба қозониш йўлида. Айни пайтда, қайта сайланиши кутилган мэр Луи Алио маблағларни талон-торож қилишда айбланмоқда ва апелляция суди айблов ҳукмини чиқарса, у лавозимидан маҳрум бўлиши мумкин.
Тулонда эса RN депутати Лор Лавалетт (“Миллий бирлашув”) тахминан 39 фоиз овоз билан етакчилик қилди. Бу амалдаги мустақил мэр Жозе Массидан қарийб тўққиз фоиз пунктга кўпроқдир.
Гап дастлабки натижалар ҳақида кетмоқда. Иккинчи тур 22 март куни бўлиб ўтади.
Франциянинг амалдаги президенти Эммануэл Макрон конституциявий чекловлар туфайли 2027 йилги сайловларда иштирок эта олмайди. Le Monde газетаси январ ойида эълон қилган жамоатчилик фикри сўровига кўра, французларнинг қарийб 42 фоизи “Миллий бирлашув” ғояларини қўллаб-қувватлаган. Бошқа сўровлар эса аввалроқ ўта ўнг партия номзодининг президентлик сайловларида ғалаба қозонишини башорат қилган эди.