Жаҳон | 12:04 / 17.03.2026
1241
2 дақиқада ўқилади

Deutsche Bahn кечикишлар учун 156 млн евро компенсация тўлади

Поездларнинг кўплаб кечикишлари ва бекор қилиниши сабабли темирйўл концерни Deutsche Bahn 2025 йил учун 156,1 млн евро миқдорида компенсация тўлади. Бу бир йил олдингидан 41 млн еврога кам.

Фото: Ying Tang/NurPhoto

Германиянинг темирйўл концерни Deutsche Bahn (DB) 2025 йилда поездларнинг кўплаб кечикишлари ва бекор қилиниши муносабати билан 156,1 млн евро компенсация тўлади. Бу сумма 2024 йилдагидан тахминан 41 млн еврога кам, аммо 2019 йилдагидан уч баравар кўп. Бу ҳақда DB бошқаруви аъзоси, шаҳарлараро ташувлар бўлими раҳбари Михаэл Петерсон Süddeutsche Zeitung газетасида 16 март, душанба куни эълон қилинган интервюсида маълум қилди.

Шу билан бирга, у Германия концернининг дастлабки ҳисоботи маълумотларига таянди.

«Бизнинг тахминимизча, бу, жумладан, ўтган йили иш ташлашлар каби йирик фавқулодда ҳолатлар бўлмагани билан ҳам боғлиқ», — деди Петерсон.

Шунга қарамай, унинг қўшимча қилишича, ушбу харажатлар концерн учун сезиларли молиявий юк бўлиб қолмоқда. Deutsche Bahn узоқ масофали поездлар катта даражада кечиккан ёки бекор қилинган ҳолларда йўловчилар зарарини қоплаб беришга мажбур.

Петерсоннинг давом этишича, темирйўл инфратузилмасидаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам поездлар ҳаракати жадвали учун жиддий муаммолар туғдирмоқда. Унинг айтишича, темирйўлнинг у ёки бу участкаси бир неча ҳафтага ёпилиши кўп миллионлик молиявий йўқотишларни англатади.

Петерсон маълумотига кўра, узоқ масофали поездлар бўлими 2025 йилда темирйўл йўлларидан фойдаланиш учун 300 млн евро кўпроқ тўлаган. Бутун Германия бўйлаб амал қиладиган ягона темирйўл чиптаси — Deutschlandticket жорий этилгани сабабли, у фақат шаҳар атрофи поездлари, электричкалар ва шаҳар жамоат транспортида амал қилади, компания узоқ масофага қатнайдиган тезюрар поездларда 15 млн йўловчисини йўқотган. DB раҳбарларидан бири айтишича, ўтган йили ушбу поездлар тўлиши 48 фоизга тушиб кетган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид