Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мерц Исроилнинг Ливандаги қуруқлик операциясини хато деб атади
Исроилнинг Ливандаги қуруқлик ҳужуми мамлакатдаги «аллақачон ўта таранг бўлиб турган ҳуманитар вазиятни янада оғирлаштиради», деди Германия канцлери Фридрих Мерц.
ГФР канцлери Фридрих Мерц Исроилнинг Ливандаги қуруқлик операцияси оқибатлари ҳақида огоҳлантирди. Бундай ҳужум «аллақачон ўта таранг бўлиб турган ҳуманитар вазиятни ва миграция соҳасидаги ҳолатни янада оғирлаштиради», деди Мерц 16 март, душанба куни Берлинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
«Шунинг учун биз исроиллик дўстларимизга қатъий мурожаат қиламиз: бу йўлдан борманг. Бу хато бўлади», — деб таъкидлади у.
Мерцнинг сўзларига кўра, Германия Эрон қўллаб-қувватлайдиган «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг феврал ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма зарбалари бошланганидан сўнг Исроилга қарши ҳужумларни қайта бошлаганини «қатъий қоралайди». У Ливандаги ҳаракат жангчиларидан дарҳол ҳужумларни тўхтатиш ва қуролни ташлашни талаб қилди.
«Биз, шунингдек, Исроил ва Ливан ўртасида музокаралар бошланишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз», — деди канцлер. Айни пайтда Германия ҳукумати Исроил армиясини Ливандаги фуқаролик объектлари ва БМТ тинчликпарвар кучларига ҳужум қилишдан «тийилишга» чақирмоқда.
Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) 16 март куни Жанубий Ливанда «Ҳизбуллоҳ»га қарши «чекланган қуруқлик операцияси» бошланганини маълум қилди. ЦАҲАЛ баёнотига кўра, гап «террорчилик инфратузилмасини йўқ қилиш»ни ўз ичига олган ҳарбий ҳаракатлар ҳақида кетмоқда бўлиб, бунинг мақсади «илғор мудофаа позициясини яратиш ва мустаҳкамлаш»дан иборат.
Ҳарбий қўмондонлик сўзларига кўра, бундай қуруқлик операцияси «Исроилнинг шимолида яшовчи аҳоли учун қўшимча хавфсизликни таъминлайди».
ЦАҲАЛ, шунингдек, қуруқлик қўшинлари Жанубий Ливанга киритилишидан олдин Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари ва артиллерияси минтақадаги «кўплаб террористик нишонлар»га зарба берганини қайд этди. Бир кун олдин «Ҳизбуллоҳ» Жанубий Ливанда Исроил армияси билан «тўғридан тўғри» жанговар тўқнашувлар бўлганини ҳам маълум қилган эди.
Германия ҳукумати раҳбари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида ўз мамлакати иштирок этишини рад этди.
«Бизда Асосий қонунга мувофиқ талаб этиладиган БМТ, Европа Иттифоқи ёки НАТО мандати йўқ. Шунинг учун бошиданоқ аён эдики, бу уруш НАТО иши эмас», — деди Фридрих Мерц.
Унинг таъкидлашича, ҳарбий операция бошланишидан олдин на АҚШ, на Исроил Германия билан маслаҳатлашмаган.
Бундан олдин шу руҳда Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам баёнот берган эди.
«Бу бизнинг урушимиз эмас, биз уни бошлаганимиз йўқ», — деди у ва Берлиннинг унда «ҳеч қандай ҳарбий иштироки» бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу Бундесвернинг Ҳўрмуз бўғози хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳарбий миссияда иштирок этишига ҳам тааллуқли.
Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул ҳам Германиянинг Ҳўрмуз бўғозини блокададан чиқариш операциясига қўшилишини рад этди. Унинг айтишича, у ерда хавфсиз кемачиликка фақат музокаралар орқали эришиш мумкин.
Мавзуга оид
10:40
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
09:13
«Биби, эҳтиёт бўл, акс ҳолда мутлақо ёлғиз қоласан» – Трампнинг чақириқлардан кейин Исроил ва Эрон тўхтади
11:00 / 08.06.2026
Исроилда хавфсизлик вазияти кескинлашиши мумкин — элчихона
09:30 / 08.06.2026