Ўзбекистон | 09:58 / 01.04.2026
2749
1 дақиқада ўқилади

Мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тартиби соддалаштирилади

Ўзбекистонда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси доирасида давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулклар билан боғлиқ жараёнлар янада соддалаштирилади. Янги тартибга кўра, айрим автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулклар давлат ижрочисининг қарори асосида тўғридан тўғри тегишли орган тасарруфига ўтказилади.

Фото: iStock

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказилиши назарда тутилган автомототранспортлар ҳамда кўчмас мулклар давлат ижрочисининг қарори билан тўғридан тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади.

Мазкур янгилик мол-мулкларни давлат балансига қабул қилиш жараёнини тезлаштириш, ортиқча бюрократик босқичларни қисқартириш ва ижро ишлари самарадорлигини оширишга қаратилган.

Фармонда суд ҳужжатлари ижроси тизимини рақамлаштириш, иш юритув жараёнларини электрон шаклга ўтказиш ва давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг катта қисмини автоматлаштириш каби чоралар ҳам назарда тутилган.

Бу ўзгаришлар ижро тизимида шаффофликни кучайтириш, жараёнларни тезкор ва самарали ташкил этишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид