Жаҳон | 23:32 / 02.04.2026
6962
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бош прокурори Пэм Бонди истеъфога чиқади

Президент Трамп сўзларига кўра, Бонди лавозимини тарк этиб, хусусий секторга ишга ўтади.

Доналд Трамп ва Пэм Бонди / Фото: Getty images

Доналд Трамп АҚШ бош прокурори Пэм Бонди истеъфога чиқишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.

Трамп сўзларига кўра, Бонди лавозимини тарк этиб, хусусий секторга ишга ўтади. Бу айнан қачон содир бўлади ва у қайси лавозимни эгаллайди, бунга аниқлик киритмади.

- Биз Пэмни яхши кўрамиз ва у хусусий секторда янги, жуда зарур ва муҳим лавозимга ўтади, бу ҳақда яқин келажакда эълон қилинади, деди Трамп.

Бош прокурор вазифасини вазир ўринбосари Тодд Бланш бажаради, дейилади хабарда. Бондининг истеъфоси сабабларини Трамп айтмади.

Reuters маълумотларига кўра, истеъфога чиқишдан олдин Трамп Бондининг ишидан норози бўлган. Агентликнинг ёзишича, бунинг сабабларидан бири жинсий эксплуатация мақсадида одам савдосида айбланган молиячи Жеффри Эпштейн иши бўйича материаллар эълон этилиши муносабати билан қилинган танқид бўлиши мумкин.

Аввалроқ, Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича янги ҳужжатларни эълон қилган ва унда бир аёлнинг Трампга нисбатан айблов баёнотлари мавжуд эди. Оқ уй бу даъволарни асоссиз деб атади, Адлия вазирлиги эса материалларнинг бир қисми нотўғри маълумотларни ўз ичига олиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Ҳужжатларнинг эълон қилиниши Конгресс томонидан босим уйғотди: Бондини 14 апрель куни Вакиллар палатасида сўроқ қилиш режалаштирилган эди.

Бонди 2025 йил февралида АҚШ бош прокурори лавозимини эгаллади. Бунгача у Флорида штати прокурори, кейин эса бош прокурори бўлиб ишлаган ва бу лавозимдаги биринчи аёл бўлган.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид