Иқтисодиёт | 18:50 / 29.04.2026
3182
3 дақиқада ўқилади

Қиймати 365 миллион доллар бўлган Юқори Пском ГЭС қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди. Гидроэнергетика соҳасида олиб борилаётган ишлар ва истиқболли режалар кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда қайд қилинишича, Ўзбекистонда 150 минг километрдан ортиқ дарёлар, сойлар ва каналлар мавжуд. Бу манбалар нафақат ичимлик суви ва суғориш, балки энергетика, иқтисодиёт ҳамда экология нуқтаи назаридан ҳам стратегик аҳамиятга эга.

Бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг катта қисми табиий газ ва кўмирга боғлиқ. Гидроэнергия улуши эса 10-12 фоиз атрофида.

Тақдимотда 2026-2032 йилларда умумий қиймати 5,8 миллиард доллар бўлган 73 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалари кўриб чиқилди. Бунинг натижасида қўшимча 3,6 гигаватт қувват яратилиши кутилмоқда.

Жорий йилда 13 та ГЭС фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларнинг умумий қуввати 114 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми эса 537 миллион киловатт-соатни ташкил этади. Мазкур лойиҳалар доирасида 254 та иш ўрни яратилади. Бунга қўшимча Бўстонлиқ туманида 28 миллион долларлик грантлар ҳисобидан 20 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қурилмоқда.

Йирик лойиҳалар қаторида Бўстонлиқ туманидаги Юқори Пском ГЭС қурилиши алоҳида аҳамиятга эга. Қиймати 365 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳанинг қуввати 160 мегаватт, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 484 миллион киловатт-соат бўлади. Бу 161 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Лойиҳада маҳаллий компонентлар улуши 82 фоизни ташкил этади.

Фарғона вилояти Сўх туманида “миллий лойиҳа” тамойили асосида Сўх ГЭС қурилиши режалаштирилган. Қуввати 15 мегаватт бўладиган ушбу станция йилига 50 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, тумандаги электр эҳтиёжининг 71 фоизини барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Юқори Тўпаланг ҳудудининг гидроэнергетика салоҳияти ҳам кўриб чиқилди. “Тўпаланг” сув омборига қуйиладиган дарё ва сойларда 42 та кичик ГЭС қуриш орқали 541 мегаватт қувват яратиш, йилига қарийб 1,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Дунё амалиётида гидро тўплаш электр станцияларини қуриш орқали энергияни сақлаш ва қайта тақсимлаш тизимлари кенг жорий этилаётгани таъкидланди. Мамлакатда илк бор умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган 3 та шундай станцияни барпо этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Шунингдек, умумий қуввати 164 мегаватт бўлган 2983 та кичик ва микро ГЭС қуриш режалари муҳокама қилинди.

Рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳам соҳа самарадорлигини оширишнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Сув омборлари ва гидроиншоотларда сув сатҳи, сув ҳажми, босим, метеомаълумотлар ва ишлаб чиқариш жараёнларини онлайн кузатиш имконини берувчи рақамли мониторинг тизимлари босқичма-босқич жорий этилади. Ҳозирда сув омборларининг хавфсизлигини таъминлаш учун 3,5 мингта назорат-ўлчов аппаратлари ўрнатилган.

Давлат раҳбари гидроэнергетика соҳасидаги лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид