Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
Ҳайит арафасида хайрли ташаббус: оғир хасталикка чалинган 10 минг болани даволашга маблағ ажратилди. Китоб ўқиганга 50 минг доллар: мактаб ўқувчилари учун янги мусобақа йўлга қўйиляпти. Йўллардаги қоидабузарлар яна авжида: масъулларнинг икки ой олдинги қатъияти вақтинчамиди? Тошкент ҳокимидан шов-шувли баёнот: у “халқ манфаати учун” дарахт кесилса, бундан фожиа ясамасликка чақирмоқда.
Якунланган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим янгиликлари – Kun.uz дайжестида.
Хайрли мақсадлар учун 57 млн доллар
Ҳафтанинг энг муҳим янгилиги – оғир хасталик билан курашаётган минглаб болажонларнинг соғайиши учун маблағ ажратилаётгани билан боғлиқ. Маълум бўлишича, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарувчи касалликларга чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказиш ҳамда бошқа тадбирлар учун жами 690 млрд сўм маблағ йўналтирилади.
Қурбон ҳайити муносабати билан ишлаб чиқилган шу ва бошқа таклифларни пайшанба куни президент ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров тақдимот қилди. Унинг сўзларига кўра, ажратилаётган маблағлар доирасида ногиронлик билан боғлиқ 9 хил тоифадаги оғир хасталикка чалинган 10 минг нафар болада жарроҳлик амалиёти ўтказилади.
Бундан ташқари, онкогемотологик ташхис қўйилган 2300 нафар беморни тиббий текширувлардан ўтказиш, даволаш ва зарур ҳолларда жарроҳлик амалиёти ўтказиш ҳам кўзда тутилган. Яна камида 350 нафар беморга жигар ёки буйрак кўчириб ўтказилади. Шунингдек, 8 мингдан зиёд етим болаларнинг номига ўтган йили очилган банк омонатларига яна 200 доллардан пул қўшилади. 500 та масжидда таҳоратхона қурилиши ёки таъмирланиши ҳам белгиланган.
Бу хайрли ишларга жами 690 млрд сўм ёки қарийб 57 млн доллар ажратиляпти. Президент қарорида молиялаштириш манбаси сифатида давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа манбалар кўрсатиб ўтилган.
Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берилди
Мактаб ўқувчиларини китоб ўқишга рағбатлантириш бўйича янги дастур – Миллий китобхонлик ҳаракати йўлга қўйиляпти. Жума куни президент Шавкат Мирзиёев бу янги дастурга старт бераркан, китобхонлик одамнинг мустақил фикрлаш қобилиятини ўстириши, шу сабабли ёшларнинг китоб ўқиши – миллат келажагига оид масала эканини таъкидлади.
“Замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб келаётган шароитда, мустақил фикрлай олиш қобилияти – инсоннинг энг катта устунлиги. Китобхонлик фақат таълим масаласи эмас, балки миллат келажаги, халқимизнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омилдир”, – деди давлат раҳбари.
Миллий китобхонлик мусобақасида мактабларнинг 1-синфидан 11-синфигача бўлган ўқувчилар иштирок этади. Дастурнинг умумий йиллик мукофот фонди – 240 минг доллар. Бош соврин соҳибига 50 минг доллар пул мукофоти берилади. Эслатиб ўтамиз, 2017 йилдан йўлга қўйилган “Ёш китобхон” ва 2021 йилдан бошланган “Ёш китобхон оила” танловлари ғолибларига автомобил бериб келинаётган эди. Янги мусобақа эса, президент таъбирига кўра, Ўзбекистон тарихида китобхонлик бўйича энг салмоқли мукофот бўлади.
Китобхонликка оид сўнгги янгиликлар қаторида, Ёшлар ишлари агентлигининг шу ойдан бошланган хайрли ташаббуси ҳам эътирофга лойиқ. Агентлик мутолаани ёшлар орасида трендга айлантириш мақсадида, янги чиқаётган китобларни байрам-шоу тарзида тақдимот қилиб боришни йўлга қўйди. Ўтган ҳафтадаги илк байрамона тадбирда ўзбек тилидаги 10 та янги китоб тақдимот қилинди. Улар орасида “Ўткан кунлар”нинг давоми сифатида ёзилган “Ялдо кечаси” номли миллий роман, экранли гаджетлар болаларнинг болалигини ўғирлаётгани ҳақидаги дунёга машҳур “Беҳаловат авлод” асари ва илмий-фантастик адабиётнинг шоҳ намунаси бўлмиш “Дюна” эпик шедеври ҳам бор.
ЙПХ ходимини уриб юборган BMW воқеаси унутилдими?
Тошкентда катта тезликда Lexus ҳайдаб юрган ўсмирлар бир неча марта қизил чироқдан ўтиб кетди. Хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси BMW M4 автомобилида ЙПХ ходимини босиб кетди. Ургутда Gentra рулидаги 11-синф ўқувчиси маҳалласидаги дўконга чиққан 5 яшар қизчани уриб юборди....
Бу – охирги пайтларда вояга етмаганлар томонидан содир этилган автоҳалокатлардан фақат айримлари холос. Куни кеча навбатдаги воқеа Қўқонда рўй берди: 10 ёшли уч нафар қизалоқ пиёдалар йўлагидан ўтаётган пайтда, уларни катта тезликда келган Malibu уриб кетган. Оқибатда қизлардан бири шифохонада ҳалок бўлган, яна икки жабрланувчи оғир даражада жароҳатланган. Malibu'нинг рулида эса 9-синф ўқувчиси бўлган. Гувоҳларга кўра, у болаларни уриб кетишидан бир неча сония олдин светофорнинг қизил чироғида ҳам тўхтамасдан, катта тезликда ўтиб кетган.

Воқеага Ички ишлар вазирлигининг муносабатида иккиюзламачиликни кўриш мумкин. BMW'даги ўсмир ЙПХ ходимини уриб кетганида, тизим ўз вакилининг қотилини очиқ-ойдин кўрсатган, унинг отасини ҳам камера қаршисида узр сўраттирган эди. Қўқондаги воқеада эса, ИИБ вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари тақозоси билан қоидабузарнинг юзини яширган ҳолда видео эълон қилди; унинг машина бошқаришига йўл қўйиб берган жавобгарлар эса расмий репортаждан мутлақо четда қолди. Қолаверса, расмийлар учун бу йигитни жавобгарликка тортиш ҳам қийин масала, чунки 16 ёшга тўлмаган шахсни Жиноят кодексининг 266-моддаси билан айблаб бўлмайди.
Қўқондаги бу қонли ҳалокатдан кейин, пиёдалар ўтиш жойига светофор ўрнатиш ҳақида негадир масъуллардан садо чиқмаяпти. Худди шундай ҳолатни Олмалиқда ҳам кузатиш мумкин: 12 май куни Олмалиқ кон-металлургия комбинатига тегишли Toyota русумли хизмат автомобили шаҳардаги светофорсиз пиёдалар ўтиш жойларидан бирида 8 яшар икки болани уриб кетган. Болалардан бири воқеа жойида вафот этган, иккинчиси комага тушиб қолган. Kun.uz билан гаплашган олмалиқликлар ҳар куни жуда кўп мактаб ўқувчилари йўлни кесиб ўтадиган бу нуқтага фожиадан кейин ҳам светофор қўйилмаётганидан норозилигини билдирди.
Ички ишлар вазирлигининг икки хил стандартларини бошқа бир мисолда ҳам яққол кўриш мумкин. Ёдингизда бўлса, икки ой олдин Geländewagen минган икки қоидабузар Сергелида тезликни 222 км/соатгача оширгани учун, безорилик моддаси билан 15 суткага қамалган эди. Энди маълум бўляптики, шаҳарда ўта катта тезликда машина ҳайдаганларнинг ҳаммасига ҳам бундай жазо муқаррар эмас. Шунчаки, ўшанда G-Class'даги икки шахснинг омади келмай қолган экан: уларнинг қилмиши BMW'да босиб кетилган инспектор воқеаси билан боғлиқ резонанс фонига тўғри келиб қолган холос.

Орадан икки ой ўтиб, ўша резонанс пайтида айтилган баландпарвоз гапларни тизим раҳбарлари унутиб юборганга ўхшайди. Чунки шаҳар чеккароғида эмас, пойтахтнинг нақ марказида – Мустақиллик шохкўчасида Tesla'ни 214 км/соат тезликда ҳайдаган ҳайдовчига нисбатан муносабат мутлақо бошқача бўляпти. ЙҲХХ'нинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу шахсга нисбатан светофорнинг тақиқловчи ишорасига бўйсунмаслик ва авария ҳолатини келтириб чиқариш моддалари бўйича маъмурий баённома тузилган. Бу – Tesla'дек қимматбаҳо машина рулидаги шахс учун арзимаган, бир неча миллион сўмлик жарима дегани. Яъни негадир безорилик моддасини қўллаб, қоидабузарни қамаш ҳақида бу сафар гап-сўз йўқ.
Аслини олганда, одамларда ўзи ва яқинларининг кўча-кўйдаги хавфсизлиги ҳақида қўрқув, инглизча айтганда террор уйғотувчи бунақанги ҳуқуқбузарликлар учун “майда безорилик” моддасини қўллаб, 15 суткага қамаш ҳам етарли эмас. Кодексга яқинда қўшилган “йўл безорилиги” моддасини фақат шахмат тарзида ҳайдаш ёки дрифт қилиш каби ҳолатларда эмас, аҳоли пунктида тезлик ҳаддан ташқари оширилган вазиятларда ҳам қўлланадиган стандарт жазога айлантириш керак. Ана шундагина ҳуқуқбузар жарима тўлаш билан қутулиб қололмайди ва камида 1 йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади.
Қонуний жазо – хавфли қоидабузарликнинг олдини олиш вазифасини бажармаса, унақа жазодан заррача ҳам фойда йўқ. Буни англаш учун Ички ишлар вазирлиги ўз ходимлари орасида кейинги қурбонни кутиб ўтириши керак эмас.
Хавфли трансформаторлар – болалар кушандаси
Бутун Ўзбекистон бўйлаб барча трансформатор пунктлари зудлик билан хатловдан ўтказилиб, тафтиш қилиниши ва хавфсизлиги таъминланиши керак. Охирги пайтларда атрофи ўралмаган трансформаторлар болалар умрига зомин бўлиши ҳолатлари кўпайиб боряпти.
5 май куни Наманган вилояти Давлатобод туманида 13 ёшли бола гилос ейман деб, атрофи очиқ турган трансформатор пункти устига чиқиши оқибатида ҳалок бўлди. Марҳумнинг яқинлари “Миллар” дастурига берган интервюсида айтишича, воқеадан кейин ҳам юқори кучланишли иншоот атрофига тўсиқ ўрнатилмаган.
20 май куни Болалар омбудсмани ваколатли ташкилотга таъсир ҳужжати киритиб, республиканинг барча ҳудудларида юқори кучланишли объектларнинг болалар хавфсизлиги стандартларига мувофиқлигини таъминлаш талабини қўйди. 12 май куни Kun.uz ҳам худди шундай чақириқ билан масъулларга қарата бонг уриб чиққан эди.
Гап шундаки, аввалроқ Наманганнинг бошқа бир тумани – Мингбулоқда ҳам 4 ёшли бола ҳожатхона излаб, очиқ қолдирилган трансформатор ичига кириб, икки қўлидан айрилган эди. Тергов ва суд органлари бу жиноят оқибати бўлганини тасдиқлаб, масъул ходимни жавобгарликка тортган. Бундан ташқари, феврал ойида Фарғона шаҳридаги янги қурилган давлат боғчаларидан бирида трансформатор очиқ қолдирилиши оқибатида 6 яшар боланинг тана аъзолари куйиб кетди. Бу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши очилган.
Умид қиламизки, бир неча ой ичида кетма-кет рўй берган учта бир хил фожиа – кейингиларининг олдини олиш учун кечиктирмасдан чоралар кўришга етарли туртки бўлади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
“Биз бу кунларни 34 йил кутдик” – президент Шавкат Мирзиёев футбол бўйича миллий жамоа аъзоларини Жаҳон чемпионатига кузатар экан, шундай деди. “Биз бу кунларни бутун халқимиз, футбол ишқибозлари билан 34 йил кутдик. Шу маънода, футболчиларимизни Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очган замонамиз қаҳрамонлари деб айтсак арзийди”, деди давлат раҳбари жума куни Миллий стадиондаги кузатиш маросимида. Шавкат Мирзиёев футболчилар аллақачон тарих яратиб бўлгани, мундиалда эса ортиқча босимсиз ўйнашлари мумкинлигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мундиалдаги илк ўйинини Мехико шаҳрида, Тошкент вақти билан 18 июн тонгида Колумбияга қарши ўтказади.
Айрим педагогларга самолёт ва поезд чиптаси учун чегирма берилиши мумкин. Тегишли ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, республикада рейтинги энг юқори 100 та мактаб, 100 та боғча, 20 та техникум ва 10 та олийгоҳ педагогларига ички йўналишлардаги самолёт ва поезд чипталарига йилда бир марта 15 фоизгача чегирма бериш кўзда тутиляпти. Лойиҳада “Афросиёб” ва “Жалолиддин Мангуберди” поездларига бу чегирма тааллуқли бўлмаслиги назарда тутилган. Имтиёздан фойдаланиш учун педагогларга иш жойидаги директордан рейс йўналиши ва санаси кўрсатилган расмий хат олиш талаби қўйилиши мумкин.
Тошкент шаҳар ҳокимининг дарахтлар кесилишига муносабати муҳомаларга сабаб бўлмоқда. Шавкат Умрзоқов Gazeta мухбирининг саволига жавобан соғлом дарахтлар заруратсиз кесиб ташланишига қарши эканини айтди ва “лекин” сўзи билан фикрини давом эттирди: “Зарарланган дарахтни олиб ташлашми, ёки бирон бир бундан ҳам яхши лойиҳани амалга ошириш учун шароит яратиш, экология ёки халқ манфаати кўзланган лойиҳа бўлса, албатта, тарозига битта дарахтни олиш керак эмас... Халқ манфаати қаерда юқори бўлса, шуни кўриш керак. Худога шукр, дарахт экадиган жойларимиз кўп, экологик муҳитни яхшилайдиган ишларимиз тури кўп, шуларни амалга ошираверишимиз керак. Битта дарахт кесилиб қолса, яхши эмас, лекин уни трагедия қилишимиз керак эмас”.
Кўчмас мулк объектларини бозор нархи асосида солиққа тортиш бошланади. Ҳукумат қарори билан, бу борадаги янги тартиб-қоидалар белгиланди. Унга кўра, эндиликда кўчмас мулк объектлари расмийлар томонидан ҳисоблаб чиқарилган “бозор нархи”дан 20 фоизга фарқли қийматда олди-сотди қилинса, солиқ органи шартномада кўрсатилган суммадан келиб чиқиб эмас, мулкнинг “бозор нархи”дан келиб чиқиб қайта солиқ ҳисоблайди. Бу тартиб қурилиш соҳасидаги яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилгани айтиляпти. Лекин бу жисмоний шахслар сотаётган кўчмас мулкларга ҳам тааллуқли бўладими-йўқми, бу борада қўшимча расмий изоҳга зарурат бор. Ҳафта давомида, шунингдек, бошқа бир ҳужжат билан солиқ ходимларига тўланадиган устамалар 1 июндан бошлаб оширилиши белгиланди.
Тошкент метросида йўлкира тўлаш тартиби ўзгаради. Президент қарорига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб йўловчилар босиб ўтган масофаси ёки бекатлар сонига қараб йўлкира тўлашга ўтади. Янги тарифлар ҳозирча маълум эмас. Қарорда 2030 йилгача поездлар интервалини 2-3 дақиқагача тушириш, бекатлар сонини ҳозирги 50 тадан 79 тага етказиш кўзда тутилган. Метрополитенни кенгайтириш режалари – ҳозир қурилаётган Янги Тошкент йўналишидан ташқари, “Пушкин” бекатидан ТТЗ даҳасигача ва “Мингўрик” бекатидан Чилонзор буюм бозоригача борадиган янги линияларни ўз ичига олади. Шунингдек, метро бекатлари яқинида автотураргоҳлар қурилиши, ерости йўлакларида кичик савдо нуқталари очилиши кутиляпти.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
10:11 / 23.05.2026
Болалар омбудсмани юқори кучланишли объектларда хавфсизлик таъминланишини талаб қилди
17:39 / 22.05.2026
Шавкат Мирзиёев Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди
11:51 / 22.05.2026