Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рубио Эрон билан музокараларда «сезиларли ўсиш» борлигини айтди
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Ню Деҳлида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон можароси атрофидаги сўнгги воқеаларга изоҳ берди. У Эрон билан эҳтимолий келишув бўйича музокараларда «сезиларли ютуқлар»га эришилгани, аммо бу ҳали «якуний натижа эмаслиги»ни таъкидлаган.
Фото: Getty Images
Рубио АҚШнинг «Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклиги» ҳақидаги позициясини яна бир бор тасдиқлади ва Доналд Трамп бунга рози бўлиши мумкинлиги ҳақидаги вариантни «абсурд» деб атади.
У Ҳўрмуз бўғози бўйича яхши хабарларга ишора қилиб, сўнгги 48 соат ичида эришилган тараққиёт – агар у иш берса – «бўғоз божларсиз тўлиқ очилиши»га олиб келиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ урушни тўхтатиш учун дипломатик каналларни афзал кўради. «Ўйлайманки, биз маълум бир ютуқларга эришдик», – деди у.
Бироқ, Рубио «ҳали устида иш олиб борилиши керак бўлган масалалар борлиги»ни таъкидлади ва шу билан бирга, Трампнинг кейинги баёнотларни кутиш кераклигини қўшимча қилди – президент шу куннинг ўзида чиқиш қилиши кутилмоқда.
Бир кун аввал Трамп Эрон билан келишув яқинлиги ва бу келишувга кўра Ҳўрмуз бўғози ҳам очилишини айтган, аммо тафсилотларни келтирмаганди.
60 кунлик сулҳ
Америка нашрлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги эҳтимолий келишув тафсилотлари юзасидан изоҳ бермоқда.
Axios маълумотларига кўра, келишув асосида сулҳ 60 кунга узайтирилади ва Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови қайта тикланади.
Нашрнинг америкалик расмийлардан бирига таяниб хабар беришича, келишув қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Ушбу даврда Ҳўрмуз бўғозида қатновларни божхона тўловларисиз тиклаш, бунда Эрон барча миналарни зарарсизлантириш мажбуриятини олади;
- Қўшма Штатлар томонидан Эрон портлари қамалини бекор қилиш ва Эрон нефтига нисбатан санкцияларда қатор истиснолар тақдим этиш;
- Эроннинг ядровий қурол яратишга интилмаслиги ва уранни бойитиш дастури бўйича музокаралар олиб бориши тўғрисидаги мажбуриятлари лойиҳаси;
- Санкцияларни бекор қилиш ва Эроннинг музлатилган активларини блокдан чиқариш бўйича музокаралар олиб бориш;
- Америка қўшинлари минтақада 60 кун давомида қолиши ва якуний келишувга эришилгандан кейингина олиб чиқилиши.
Келишув ўзаро розилик асосида 60 кундан ортиқ муддатга узайтирилиши мумкин.
New York Times газетаси америкалик икки мулозимга таяниб хабар беришича, таклиф Теҳроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечиш мажбуриятини ҳам ўз ичига олади.
Бироқ ҳозирча бу борада расмий баёнот берилмади.
Теҳроннинг реакцияси
Эрондаги Tasnim ахборот агентлиги хабар беришича, АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар шартлари лойиҳасига кўра, Ҳўрмуз бўғози урушдан олдинги ҳолатига «қайтмайди», бироқ кемалар қатнови ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдинги даражада тикланади.
Агентлик эҳтимолий келишувда ҳали ҳам «айрим» баҳсли нуқталар мавжудлиги ва «АҚШ томонидан тўсиқлар» натижасида бу масалалар бўйича келишиб бўлмаганини қайд этган.
Tasnim нашри хабарига кўра, Эроннинг позицияси воситачи – Покистонга етказилган ва агар «АҚШ томонидан тўсиқлар давом этса», келишув тузиб бўлмайди.
Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор ҳисобланган Fars ахборот агентлиги хабар беришича, баҳсли масалалар Эроннинг музлатилган активлари ҳамда нефт ва нефт маҳсулотларига нисбатан қўйилган санкциялар билан боғлиқ.
Шанба куни Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий давлат телевидениеси эфирида сўнгги бир ҳафта ичида АҚШ ва Эрон позициялари яқинлаша бошлаганини айтди, бироқ шу билан бирга АҚШни «зиддиятли баёнотлар»да айблади.
Бақоийнинг айтишича, Эрон «якуний келишувга эришиш учун» қўшимча музокаралар ўтказиш имконини берадиган «ўзаро англашув меморандуми» устидаги ишларни якунламоқда.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён якшанба куни Эрон олий раҳбари Мужтаба Хоминаийнинг «рухсатисиз» «бирорта ҳам қарор» қабул қилинмаслигини айтди.
Бу баёнот шу ҳафта бошида Эроннинг қатъий линия тарафдори бўлган сиёсатчиси, депутат Камрон Ғазанфари Пизишкиённи Хоминаийнинг «рухсатисиз» ўт очишни тўхтатишга рози бўлишда айблаб, танқид қилиши ортидан янгради.
56 ёшли Хоминаий 8 март куни олий раҳбар лавозимига киришганидан бери омма қаршисида кўриниш бермаган. Бунинг ўрнига у бир неча бор ёзма баёнотлар берди. Бироқ, маълумотларга кўра, сўнгги ҳафталарда у Эроннинг бир қанча юқори мартабали мулозимлари, жумладан Пизишкиён билан учрашган.
Мавзуга оид
14:18
АҚШ тез орада Эрон билан тинчлик битими эълон қилиши мумкин
13:44
Саида Мирзиёева Ҳиндистонда Рубио билан учрашди
23:05 / 22.05.2026
Рубио АҚШнинг Россия ва Украина билан музокаралари боши берк кўчага кириб қолганини айтди
19:51 / 22.05.2026