Жамият | 08:35 / 06.06.2026
1698
2 дақиқада ўқилади

Сербияда оғир вазиятда қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Сербияда иш берувчи томонидан мажбуриятлар бажарилмагани оқибатида оғир моддий аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароси дипломатик ваколатхона ва Миграция агентлиги кўмагида ватанга қайтарилди.

Фото: Дунё

Маълум қилинишича, Ўзбекистон фуқароси Т.З. мамлакатнинг Венгриядаги элчихонаси консуллик бўлимига мурожаат қилиб, Сербиядан Ўзбекистонга қайтиш учун амалий ёрдам сўраган.

Унинг билдиришича, юзага келган муаммо Сербиядаги иш берувчи томонидан ўз зиммасига олган мажбуриятлар тўлиқ бажарилмагани, жумладан, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича келишувларга амал қилинмагани билан боғлиқ бўлган. Натижада ҳамюртимиз оғир моддий аҳволга тушиб қолган ва мустақил равишда юртига қайтиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Вазиятни инобатга олган ҳолда, элчихона томонидан Ўзбекистон Миграция агентлиги билан тезкор ҳамкорлик йўлга қўйилди. Олиб борилган ишлар натижасида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан аризачи учун бепул авиачипта расмийлаштирилди.

Шундан сўнг фуқаронинг Ўзбекистонга қайтиши таъминланди.

Мутасаддилар хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга қийин вазиятларда дипломатик ваколатхоналар ва тегишли идораларга мурожаат қилишни тавсия этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид