Жаҳон | 09:00
1289
4 дақиқада ўқилади

Арманистон европача келажакни танлади — ЕИ раҳбарлари

Арманистонда бўлиб ўтган парламент сайловларида бош вазир Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси ишончли ғалабага эришди. Сайлов натижалари Европа Иттифоқи ва қатор давлатлар раҳбарлари томонидан олқишланди, Россия эса Ереванни россияпараст кучларга босим ўтказишда айблади.

Фото: AP

8 июнь куни Европа Иттифоқи раҳбарлари Никол Пашинянни сайловдаги муваффақияти билан табриклади. Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Арманистонни демократия йўлидан бораётган ва Европа билан муносабатларни тобора мустаҳкамлаётган муҳим ҳамкор сифатида баҳолади.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Калласнинг таъкидлашича, Арманистон халқи ташқи босимларга қарамасдан Европа келажаги томон танлов қилган. Европа кенгаши раиси Антониу Кошта эса мамлакатнинг тинчлик, барқарорлик ва халқаро ҳамкорликка асосланган йўлни танлаганини юқори баҳолади.

Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам Пашинян ва Арманистон халқини табриклаб, мамлакат аҳолиси демократия ва тинчлик тарафида аниқ танлов қилганини таъкидлади. Франция президенти Эммануэль Макрон эса Арманистон суверенитетини қўллаб-қувватлаш ва Европа билан алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Испания бош вазири Педро Санчес Арманистон аҳолиси барқарорлик ва Европа билан яқинлашув тарафида овоз берганини қайд этган бўлса, Польша бош вазири Дональд Туск мамлакат ўзининг сиёсий йўлини тасдиқлаганини таъкидлади.

Украина президенти Володимир Зеленский сайлов натижаларини Арманистон мустақиллиги ва суверенитетининг ғалабаси деб атади. У Европа Иттифоқини Ереванни қўллаб-қувватлашда фаолроқ бўлишга чақирди.

«Ҳозир айнан Европа Иттифоқи Арманистонни амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши керак бўлган вақт. Бу ЕИ учун ҳам муҳим синовдир», деди Зеленский.

Шунингдек, Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Пашиняннинг Озарбойжон билан тинчлик ва ярашувга қаратилган сиёсати минтақавий барқарорликка хизмат қилишини таъкидлади. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам Пашинянни таъсирли ғалаба билан табриклаб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

Гуржистон, Қозоғистон ва Молдова раҳбарлари ҳам Арманистон бош вазирини сайлов натижалари билан қутлаган.

Айни пайтда Москвада бошқача муносабат кузатилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Арманистон ҳукумати россияпараст сиёсий кучларга босим ўтказаётганини ва Европа Иттифоқи мамлакат ички ишларига аралашаётганини иддао қилди.

Арманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 7 июнь куни бўлиб ўтган парламент сайловларида Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси 49,8 фоиз овоз тўплади. Россиялик миллиардер Самвел Карапетян етакчилик қилган «Кучли Арманистон» блоки 23,3 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллади.

Сайлов натижаларига кўра, «Фуқаролик шартномаси» парламентда 61 ўринга эга бўлади. «Кучли Арманистон» 28, «Арманистон» блоки 11 ва «Фаровон Арманистон» партияси 5 мандат қўлга киритди. Сайловда иштирок этиш даражаси 58,97 фоизни ташкил этди, бу эса сўнгги икки парламент сайловига нисбатан юқорироқ кўрсаткич ҳисобланади.

Таҳлилчилар фикрича, мазкур натижалар Арманистоннинг ташқи сиёсий йўналиши бўйича муҳим сиёсий сигнал бўлиб, мамлакатнинг Европа билан яқинлашув жараёни янада фаоллашиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид