Таълим | 09:00
574
2 дақиқада ўқилади

Барча олийгоҳларда «Тадбиркорлик асослари» фани ўқитилади

2026-2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фани жорий этилади. Бу орқали талабаларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, уларни тадбиркорлик фаолияти учун мавжуд имкониятлар билан таништириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган тақдимот билан танишди.

Маълум қилинишича, 2026 йилда республика олийгоҳларини 320 минг нафар талаба битириши кутилмоқда. Олий таълим қамровининг кенгайиши натижасида меҳнат бозорига кириб келаётган ёш мутахассислар сони ҳам ортиб бормоқда. Шу муносабат билан уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тақдимотда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб барча олий таълим муассасаларида «Тадбиркорлик асослари» фанини ўқитишни йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Ушбу фан доирасида талабалар бизнес юритиш асослари, лойиҳаларни амалга ошириш, молиявий режалаштириш ва тадбиркорлик соҳасидаги давлат қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида билим олади.

Шунингдек, олийгоҳларда талабаларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, спин-офф корхоналар ташкил этиш, кафедраларни ишлаб чиқариш корхоналари билан яқин ҳамкорликка жалб қилиш ва битирув малакавий ишларини иш берувчи ташкилотлар иштирокида ҳимоя қилиш амалиётини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, иш берувчилар буюртмаси асосида кадрлар тайёрлашга қаратилган мақсадли дуал таълим шаклини жорий этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Унга кўра, иш берувчи ва олийгоҳ ўртасидаги келишув асосида талабалар ўқишга қабул қилиниб, битиргандан кейин иш билан таъминланиши кафолатланади.

Давлат раҳбари мутасаддиларга битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янги механизмларни пухта ишлаб чиқиш, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид