Ўзбекистон | 18:08
1231
1 дақиқада ўқилади

Истанбулда ўзбекистонлик 6 ёшли бола трамвай остида қолиб, вафот этди

Бахтсиз ҳодиса 8 июн куни Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани, Лалели мавзесидаги трамвай бекатида юз берган: яқинлари билан саёҳатга борган бола трамвайдан тушгач, бекат ва релслари оралиғида қисилиб қолган. У трамвай ҳаракатланиши оқибатида оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган.

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси

Ўзбекистонлик 6 ёшли бола Истанбулда бахтсиз ҳодиса оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.

Маълум қилинишича, бахтсиз ҳодиса 8 июн куни Истанбул шаҳрининг Фотиҳ тумани, Лалели мавзесидаги трамвай бекатида юз берган. Яқинлари билан саёҳатга келган вояга етмаган бола трамвайдан тушганидан сўнг бекат ва релслар оралиғида қисилиб қолган. У транспорт воситасининг ҳаракатланиши оқибатида оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

Ҳозирда Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Бош консулхона марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

Шунингдек, бош консулхона ота-оналарга Истанбулда жамоат транспорти серқатновлигини инобатга олган ҳолда вояга етмаган фарзандларини назоратсиз қолдирмасликни ва улар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратишни тавсия қилган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид