Технология | 08:16
1354
4 дақиқада ўқилади

Норвегия дунёдаги энг чуқур сувости туннелини қурмоқда

Норвегия ғарбий соҳилида дунёдаги энг узун ва энг чуқур сувости автомобиль туннели ҳисобланувчи Rogfast лойиҳасини амалга оширмоқда. Узунлиги 27 километр бўлган мазкур иншоот қуриб битказилгач, денгиз сатҳидан қарийб 390 метр пастликкача тушади ва мамлакат транспорт тизимида туб бурилиш ясаши кутилмоқда.

Фото: Implenia

Rogfast туннели Норвегиянинг ғарбий қисмида жойлашган йирик Бокна-фьорд ости орқали ўтади. Мутахассислар таъкидлашича, туннелнинг энг чуқур қисми билан сув юзаси орасига ҳатто Нью-Йоркдаги машҳур Empire State Building осмонўпар биносини ҳам жойлаштириш мумкин.

Лойиҳа нафақат ўзининг улкан кўлами, балки муҳандислик мураккаблиги билан ҳам эътиборга лойиқ. Норвегия фьордлари музликлар таъсирида шаклланган чуқур водийлар бўлиб, улар автомобиль йўллари қурилишини анча қийинлаштиради.

Муаммо шундаки, фьордлар нафақат кенг, балки жуда чуқур ҳам ҳисобланади. Айрим жойларда уларнинг туби атрофдаги тоғлар баландлигидан ҳам пастга тушиб кетади. Шу сабабли муҳандислар оддий кўприк ёки соҳил бўйлаб автомобиль йўли қуриш ўрнига сувости туннели барпо этиш қарорини қабул қилган.

Лойиҳанинг энг мураккаб қисмларидан бири маршрут ўртасидаги Квитсей ороли остида қурилаётган кўп сатҳли транспорт тугуни ҳисобланади. Тахминан 200 метр чуқурликда жойлашадиган мазкур чорраҳа тўрт йўналишга тарқалувчи йирик муҳандислик иншооти бўлади.

Лойиҳа раҳбари Анне-Мерете Гильенинг таъкидлашича, муҳандислар туннелни фьорднинг энг чуқур қисми орқали эмас, балки сувости баландликлари бўйлаб ўтказишни танлаган. Бу эса қурилиш чуқурлигини қисқартириш имконини берган.

Шунга қарамай, туннелнинг айрим нуқталари денгиз сатҳидан қарийб 400 метр пастликкача тушади. Бу эса дунёдаги аксарият сувости туннелларидан бир неча баробар чуқурдир.

Геология қурилишнинг асосий синовига айланди

Мутахассисларнинг айтишича, лойиҳадаги энг катта қийинчилик чуқурлик эмас, балки тоғ жинсларининг мураккаб тузилиши ҳисобланади.

Туннел турли хил тоғ жинслари қатламлари орқали ўтади. Айрим жойларда мустаҳкам филлит қатламлари учраса, бошқа ҳудудларда сув билан тўлган ёриқларга эга гнейс жинслари мавжуд.

330 метрдан ортиқ чуқурликларда сув босими 33 баргача етади. Бу оддий сув таъминоти тизимидаги босимдан қарийб ўн баравар юқори ҳисобланади.

Лойиҳа геологи Анне-Брит Моэннинг маълум қилишича, яқинда туннел қурилиши вақтида бир дақиқада 5-6 минг литр сув оқиб кирган ҳолат қайд этилган.

«Агар тоғ жинсида очиқ ёриқ учраса, сув туннел ичига катта босим билан ёриб киради», — дейди мутахассис.

Норвегиянинг ўзига хос қурилиш усули

Кўплаб замонавий мегалойиҳаларда туннел қазувчи улкан машиналардан фойдаланилади. Бироқ Rogfast қурилишида бошқача ёндашув танланган.

Мутахассислар «Норвегия туннел қазиш усули» деб аталувчи бурғилаш ва портлатиш технологиясидан фойдаланмоқда. Бу усул секинроқ бўлса-да, мураккаб геологик шароитларда анча самарали ҳисобланади.

Аввал махсус Jumbo бурғилаш мажмуаси ёрдамида тоғ жинсида ўнлаб қудуқлар очилади. Кейин муҳандислар жинсларнинг барқарорлигини баҳолайди ва сув кириб келиш хавфини текширади.

Шундан сўнг махсус микроцемент аралашмаси юқори босим остида ёриқларга юборилиб, сув ўтказмайдиган ҳимоя қатлами ҳосил қилинади. Баъзи ҳолларда бир операция учун 75 тоннагача цемент аралашмаси сарфланади.

Кейинги босқичда қудуқларга портловчи моддалар жойлаштирилиб, назоратли портлатиш ишлари амалга оширилади. Ҳар бир портлатиш қурилишни тахминан 5 метрга илгари суриш имконини беради.

Портлатишдан кейин тоғ жинси чиқариб ташланади, деворлар гидроизоляция материаллари ва махсус бетон билан мустаҳкамланади. Туннел ичига ўрнатиладиган 60 мингга яқин бетон панелнинг ҳар бири алоҳида лойиҳалаштирилган.

Лойиҳа 2033 йилда тугалланиши кутилмоқда

Мутахассислар таъкидлашича, Rogfast қурилишида шошилиш имкони йўқ. Ҳар бир янги очилган қатлам геологлар томонидан қайта ўрганилади ва кейинги ишлар шунга қараб режалаштирилади.

Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Норвегиянинг ғарбий соҳилидаги транспорт алоқалари сезиларли даражада яхшиланади, сафар вақти қисқаради ва фьордлар орқали паром қатновига эҳтиёж камаяди.

Қурилиш ишларини 2033 йилда якунлаш режалаштирилган. Шундан сўнг Rogfast дунёдаги энг узун ва энг чуқур сувости автомобиль туннели сифатида тарихга кириши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид