Ўзбекистон | 08:10
2885
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Филиппин президентига таъзия мактуби юборди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Филиппин Республикасининг Минданао ороли жанубий соҳилларида юз берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан мамлакат президенти Фердинанд Маркосга таъзия йўллади.

Фото: AP

Давлат раҳбари ўз мурожаатида табиий офат оқибатида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, уларнинг мусибатини баҳам кўришини таъкидлади. Шунингдек, жароҳат олган фуқароларнинг тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.

Филиппиннинг жанубида жойлашган Минданао ороли яқинида қайд этилган кучли зилзила аҳоли яшаш пунктлари ва инфратузилма объектларига жиддий зарар етказган. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ҳамда вайроналар остида қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Филиппин ҳукумати ва қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар сони бўйича маълумотлар аниқлаштирилмоқда. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида фавқулодда хизматлар кучайтирилган тартибда иш олиб бормоқда.

Ўзбекистон раҳбари томонидан йўлланган таъзия мактуби икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ва оғир кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш анъаналарининг яна бир ифодаси бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид