Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суд Трампнинг виза сиёсатига қарши қарор чиқарди
АҚШ федерал суди президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан H-1B меҳнат визаси учун жорий этилган 100 минг долларлик йиғимни ноқонуний деб топди. Суд қарорига кўра, мазкур тўлов ижро ҳокимияти ваколатларидан ташқарида жорий этилган.
8 июнь куни Массачусетс штати федерал округ суди судьяси Лео Сорокин H-1B визаси учун ариза топширишда ундириладиган 100 минг долларлик йиғимни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мазкур йиғим Дональд Трамп маъмурияти томонидан 2025 йил сентябрь ойида жорий этилган эди.
Суд қарори 20 та штат томонидан киритилган даъво аризаси асосида қабул қилинди. Судья Сорокин ўз қарорини асослар экан, ушбу йиғим амалда янги солиқ тури ҳисобланишини ва президентда бундай солиқни мустақил жорий этиш ваколати мавжуд эмаслигини таъкидлади.
«Президент H-1B визаси учун ариза бериш жараёнига солиқ жорий этиш бўйича на конституциявий, на қонун билан берилган ваколатларга эга эмас», дейилади суд қарорида.
Шу билан бирга, АҚШнинг бошқа бир федерал суди аввалроқ ушбу йиғимни қонуний деб топган эди. Ҳозирда мазкур қарор устидан шикоят қилиниб, апелляция жараёни давом этмоқда.
H-1B визаси АҚШда юқори малакали хорижий мутахассисларни ишга жалб қилиш учун мўлжалланган дастур ҳисобланади. Ундан асосан ахборот технологиялари, муҳандислик, тиббиёт ва илмий тадқиқот соҳаларида фаолият юритувчи йирик компаниялар фойдаланади. Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили тасдиқланадиган H-1B визаларининг қарийб учдан икки қисми Ҳиндистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.
Трамп маъмурияти мазкур йиғимни миграция сиёсати доирасида жорий қилган бўлиб, Оқ уй бу қарорни америкалик фуқаролар учун иш ўринларини ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлаган эди. Унга қадар H-1B визасини расмийлаштириш харажатлари одатда 5 минг доллардан ошмасди.
Кузатувчилар фикрича, суд қарори АҚШ меҳнат бозори учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, юқори малакали хорижий кадрларни жалб қилиш жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.