Ўзбекистон | 17:55
1860
2 дақиқада ўқилади

«Светофор - йўлчироқ, пароль - ўрон» — депутатлар янги қонунни маъқуллади

Қонунчилик палатаси мажлисида айрим тушунча ва юридик атамаларни ягона шаклда қўллаш бўйича қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Фото: Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида 9 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида қонунчилик ҳужжатларида фойдаланилган айрим тушунча ва юридик атамаларни ягона шаклда қўллаш ва уларнинг юридик-техник жиҳатдан тўғри баён этилишини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартиришларни киритиш таклиф этилди.

Хусусан, «аванс» сўзини «бўнак», «маркировка»ни «тамғалаш», «маршрут»ни «йўналиш», «светофор»ни «йўлчироқ», «коворкинг»ни «иш маркази», «пароль»ни «ўрон», «прогрессив» сўзини эса «илғор» деб ўзгартириш назарда тутилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ҳужжатларидаги тушунча ва юридик атамаларнинг қўлланилишидаги ноаниқликларни бартараф этишга, уларни бирхиллаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид