Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
Украинанинг БМТдаги доимий вакили Андрей Мельник Россия ҳарбийларини ташкилотнинг тинчликпарварлик ва полиция миссияларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, Украина ҳудудида содир этилган жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақидаги ҳисоботлардан сўнг Россия қуролли кучлари БМТ байроғи остидаги операцияларда қатнашмаслиги керак.
8 июнь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида сўзга чиққан Андрей Мельник Россия ҳарбийларининг халқаро миссияларда иштирокини тақиқлаш таклифини илгари сурди. Унинг сўзларига кўра, БМТ Бош котиби томонидан қуролли можаролар билан боғлиқ жинсий зўравонлик ҳолатлари учун махсус рўйхатга киритилган ҳарбий тузилмаларга ташкилот номидан фаолият юритиш ҳуқуқи берилмаслиги лозим.
Украина дипломати Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензянинг мазкур ҳисобот Россияга қарши қаратилган ва уни обрўсизлантириш мақсадини кўзлайди, деган фикрларини ҳам танқид қилди.
Май ойи охирида БМТ томонидан эълон қилинган ҳисоботда Россия армияси илк бор қуролли можаролар давомида ҳарбий асирлар ҳамда тинч аҳолига нисбатан содир этилган зўрлаш ва бошқа жинсий жиноятлар билан боғлиқ ҳолатлар туфайли махсус «қора рўйхат»га киритилган эди.
Мельник ўз чиқишида Россиянинг БМТдаги иштироки масаласини ҳам кўтариб, Москва ташкилотнинг Бош Ассамблеяси қарорлари ва унинг институтлари хулосаларини мунтазам равишда рад этаётган бўлса, БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўриши мумкинлигини таъкидлади.
«Эҳтимол, хайрлашиш ва БМТни тарк этиш вақти келгандир», деди украиналик дипломат.
Шунингдек, у Россия ҳозирга қадар урушни тугатиш бўйича амалий қадамлар ташламаётганини қайд этди. Мельникнинг айтишича, Украина можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш мақсадида икки давлат раҳбарлари учрашувини нейтрал ҳудудда ташкил этишни таклиф қилган, аммо бу ташаббус Москва томонидан қўллаб-қувватланмаган.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилиши Украина ташаббуси билан чақирилди. Киев маълумотларига кўра, Россия қўшинларининг 2 июнь куни амалга оширган оммавий ҳужумлари оқибатида Киев ва Днипро шаҳарларида камида 22 киши ҳалок бўлган, мамлакат бўйлаб 100 нафардан ортиқ инсон жароҳат олган. Жабрланганларнинг аксарияти Киев вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Украина томони мазкур воқеаларни сўнгги вақтлардаги энг йирик ҳужумлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Мавзуга оид
10:25
Киев ва Вашингтон Украинадаги урушни тугатиш масаласини муҳокама қилди
22:09 / 08.06.2026
«Газпром» Ўзбекистонга экспортни 15 фоизга оширганини маълум қилди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
20:04 / 08.06.2026