Жаҳон | 10:40
2121
3 дақиқада ўқилади

Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди

Германия ва Франция раҳбарлари Фридрих Мерц ҳамда Эммануэль Макрон Европа учун янги авлод жанговар авиация тизими — FCAS (Future Combat Air System) лойиҳасини тўхтатишга қарор қилди. Қарор лойиҳада иштирок этаётган Airbus ва Dassault Aviation компаниялари ўртасидаги кўп йиллик келишмовчиликлар ҳал этилмагани билан изоҳланмоқда.

Фото: AP

Франция президенти маъмурияти маълум қилишича, икки давлат раҳбарлари лойиҳани давом эттириш имкони қолмаганидан афсусда. Шу билан бирга, Франция ва Германия ҳукуматлари иштирокчи компанияларни келишувга эришишга ундаш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлар самара бермаганини тан олди.

Reuters, AFP ва dpa агентликлари тарқатган маълумотларга кўра, мазкур қарор 5 июнь куни Черногорияда ўтган саммит доирасида муҳокама қилинган. Томонлар Airbus ва француз Dassault Aviation компаниялари ўртасидаги зиддиятлар яқин келажакда бартараф этилмаслиги ҳақида хулосага келган.

FCAS лойиҳаси 2017 йилда Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркель ташаббуси билан бошланган эди. Дастур доирасида Eurofighter самолёти ўрнини босувчи янги авлод қирувчи самолёти, уни кузатиб борадиган учувчисиз аппаратлар ҳамда барча жанговар тизимларни ягона тармоққа боғлайдиган «Combat Cloud» платформасини яратиш режалаштирилган эди.

Лойиҳанинг асосий муаммоси янги қирувчи самолётни ким ишлаб чиқиши ва унинг бошқаруви ким қўлида бўлиши масаласида юзага келди. Dassault Aviation раҳбарияти қирувчи самолёт бўйича етакчи ролни ўз компаниясига беришни талаб қилди. Германия ва Испания эса бу ёндашувга қарши чиқди.

Фридрих Мерц аввалроқ FCAS доирасида ишлаб чиқилаётган самолёт Германия қуролли кучлари эҳтиёжларидан кўра Франция ҳарбийлари талабларига кўпроқ мос келишини билдирган эди. Унинг таъкидлашича, Франция келажакда ядровий қурол ташиш имкониятига эга қирувчи самолётга эҳтиёж сезмоқда, Германия армияси учун эса бундай талаб долзарб эмас.

Шу билан бирга, манбаларга кўра, FCAS бренди лойиҳанинг айрим таркибий қисмлари учун сақлаб қолиниши мумкин. Франция ҳукумати Европа мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш ва бошқа қўшма дастурлар орқали стратегик шерикликни мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирган.

Таҳлилчилар фикрича, FCAS лойиҳасининг тўхтатилиши Европа мудофаа саноати учун сўнгги йиллардаги энг йирик муваффақиятсизликлардан бири бўлиб, қитъанинг ҳарбий-технологик мустақиллигини таъминлаш режаларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид