Ўзбекистон | 14:36 / 25.04.2023
48265
2 дақиқада ўқилади

Россиялик овчи Сурхондарёда Қизил китобга киритилган жониворни овлади

Россиялик овчи Сергей Мазуркевич ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда амалга оширган ов жараёни видеосини эълон қилди. У Сурхондарё вилояти ҳудудида морхўр ва архарни отиб ўлдирган.  

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Дунёнинг турли манзилларида ов қилиб, жараённи тасвирга олган Сергей Мазуркевичнинг бу сафарги манзили Ўзбекистон бўлган. У 3 кун олдин ижтимоий тармоқдаги “Трофейная охота” каналида Ўзбекистондаги ов жараёнидан тайёрланган фильмни эълон қилди.

Фильмдан кўриш мумкинки, овчи ва тасвирга олиш гуруҳи Сурхондарё вилояти ҳудудида, тоғли манзилда бўлишган. Овчи Accuracy International AXMC-338 номли қуроли билан бир бош морхўр (тоғ эчкиси) ҳамда бир бош архарни овлаган.

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун Табиат ресурслари вазирлиги масъули билан боғланди. Унга кўра, россиялик овчи морхўр ва архарни қонуний тарзда овлаган. 

Россиялик овчи ўлжа овини белгиланган рухсат асосида, ов қуроли билан амалга оширган. Бунинг учун Фанлар академиясининг хулосаси олинган. Аслида, бунинг фойдали томонлари ҳам бор. Ёввойи ҳайвонни отиб ўлдирди, деган оддий хулосага бормаслик керак. Яқинда овчилик туризми бўйича халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда тадбир ўтказишни режа қилиб турибмиз. Асосий мақсад ёввойи ва камёб ҳайвонларнинг кўпайишига имкон яратиш”, — дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган вазирлик масъули.    

Икки йил олдин Россия фуқароси Е.П.Широков Бўстонлиқ туманида 1 дона қўнғир айиқни отиб, у билан ваҳшийларча суратга тушганди. Ўшанда унга 2 дона Тяньшан қўнғир айиғини отишга рухсатнома берилганди. Жамоатчиликнинг кескин эътирозидан сўнг овчидан иккинчи қўнғир айиқни овлашга берилган рухсатнома қайтариб олинган эди.

Маълумот учун, морхўрлар Сурхондарё вилоятининг шарқий қисмидаги тоғ тизмалари (Боботоғ)да учрайди. Сони кескин камайиб кетганлиги сабаб Ўзбекистон Қизил китобига киритилган эди.

Мавзуга оид