Ўзбекистон | 11:51 / 23.02.2022
16205
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифини Мўйноқдан бошлади

Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев дастлаб Мўйноқ туманига келди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Times

Қайд этилишича, янгидан барпо этилган Мўйноқ аэропорти билан танишган президент шу ернинг ўзида ҳудуд фаоллари билан учрашди. Шу ерда туманга оид маълумотлар ва режалар тақдимоти ўтказилди.

“Янги Ўзбекистонимиздаги Янги Мўйноқ аэропортида сизлар билан кўришиб турганимдан жуда хурсандман. Бугун етти эмас, етмиш ўлчаб сиёсат юритиш талаб қилиняпти. Қорақалпоғистонни кўриб, Мўйноқда 24 та кўп қаватли уй қурилиши режаси билан танишиб, қилса бўлар экан-ку, деган фикрни яна бир эсладим. 

Ҳамма раҳбарлар бу ерда бир ҳафта бўлишади, ўзим ҳам уч кун сизлар билан бўлиб, 424 та маҳалла, бутун Қорақалпоғистон муаммоларини муҳокама қилиш ниятидаман. Вилоятларни Қорақалпоғистон ҳудудига бириктирдик, чунки меҳр кўзда дейдилар. Қолаверса, одамларимиз бу ҳудудни ўз кўзлари билан кўрсин. Энг катта мақсад - халқимиз яхши яшашига эришиш, бугунги ютуқлар билан тўхтаб қолмаслик.

Мана, биз иш бошлаганимизда Мўйноқда 28-29 минг аҳоли бўлган бўлса, ҳозир 33,5 мингдан ошди. Бу ҳам ўзига хос ишонч. Мен бугун келган самолёт йўл очиб борди. Энди ҳафтасига икки марта Тошкент-Нукус-Мўйноқ рейсини йўлга қўямиз. Керак бўлса, кўпайтиришга ҳам тайёрман, муҳими халқимиз фойдалансин”, – деди президент.

Фото: Times

Бир вақтлар кичик аэропорт бўлган ва кейинчалик фаолияти тўхтаб қолган аэропорт ўрнида барпо этилган замонавий аэропорт Мўйноқни ташқи дунё билан боғловчи маконга айлантирилмоқда. Ҳудуди 167 гектарли комплексда зарур қулайликларга эга аэровокзал, узунлиги 2 300 метр, кенглиги 60 метр учиш-қўниш йўлаги ва учиш-қўниш йўлагига ўтиш йўлаги, 3 дона ҳаво кемаларига мўлжалланган тураргоҳ ҳамда узунлиги 12 км бўлган аэропорт ҳудудини қўриқлаш назорат ўтиш йўлаги қурилиши белгиланган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 100 млрд сўм ва айни пайтда қиймати 78 млрд сўмлик ишлар бажарилган. Объектда 50 нафар йўловчига мўлжалланган терминал қуриш ишлари бажарилиб, объектнинг фасади ва том қисми тўлиқ битказилган. 

Бугун президент Оролқумда барпо этилган саксовулзор билан танишиши ҳам режалаштирилган.

Мавзуга оид