Жаҳон | 18:26 / 19.05.2024
62895
3 дақиқада ўқилади

Эрон президенти вертолёти ҳалокатга учради

Ҳозирча президент ва унинг ёнида бўлганлар билан алоқа йўқ.

Фото: IRANIAN PRESIDENCY / HANDOUT

Бортида Эрон президенти Иброҳим Раисий бўлган вертолёт Озарбойжон билан чегара яқинида «қаттиқ қўниш»ни амалга оширган, бу ҳақда Associated Press агентлиги Эрон давлат телевидениесига асосланиб хабар тарқатган.

Қайд этилишича, қутқарувчилар пойтахт Теҳрондан тахминан 600 км шимоли-ғарбда рўй берган воқеа жойига етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Қутқарув амалиётини ноқулай об-ҳаво шароити қийинлаштирмоқда — ҳудудда туман, ёмғир ва кучли шамол кузатилмоқда.

Мамлакат ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий ҳам президент вертолёти билан боғлиқ ҳодиса фактини тасдиқлаган ва қутқарув бригадалари ҳозирча воқеа жойига етиб бора олмаганини билдирган.

Айни вақтда Қизил Ярим ой қутқарувчилари, ҳарбий хизматчилар ва полициячилар иштирокида кенг кўламли қидирув амалиёти ўтказилмоқда.

Вертолётда Эрон президентидан ташқари мамлакат ташқи ишлар вазири Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳмати, оятуллоҳнинг Шарқий Озарбойжон вилоятидаги вакили Муҳаммад Али ал-Ҳошим ва бошқа бир неча мулозимлар ҳам бўлган.

Бортида Эрон президенти бўлган вертолётга нима бўлгани мавҳумлигича қолмоқда. Эрондаги турли ахборот агентликларида бир-бирига зид келувчи хабарлар тарқалмоқда. Аммо бу хабарлар битта маълумотни тасдиқлайди, унга кўра, президент ва унинг аъёнларини Эрон шимоли-ғарбидаги чегарадош ҳудуддан олиб қайтаётган учта вертолётдан бири кучли туман туфайли қийинчиликка учраган.

Ҳозирча ҳодиса оқибатида президент жабрланган ёки йўқлиги маълум эмас, у ва унинг ҳамроҳлари билан ҳозирча алоқа ўрнатилмаган.

Раисий 19 май куни тонгда Озарбойжонда президент Илҳом Алиев билан учрашганди. Давлатлар раҳбарлари Араз дарёсидаги тўғон очилиши маросимида иштирок этганди.

IRNA агентлиги Араз дарёси бўйидаги маросимдан кейин Раисий учиб кетиши вақтида олинган суратни намойиш этди

Эронда вертолётлар кўп, аммо халқаро санкциялар уларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатишни қийинлаштирган. Мамлакат ҳарбий-ҳаво флоти асосан 1979 йилги Ислом инқилобидан олдин ташкил этилганди.

Аввал мамлакат суд тизимига раҳбарлик қилган 63 ёшли Раисий Эрон олий диний раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаийнинг яқин кишиси ҳисобланади ва таҳлилчилар уни  85 ёшли етакчининг вориси сифатида кўришарди.

Раисий Эронда 2021 йилда ўтказилган президентлик сайловларида ғалаба қозонганди, бу сайлов Ислом республикаси тарихида давомат энг паст даражада бўлган овоз бериш жараёнига айланганди. Раисий 1988 йилда Эрон-Ироқ уруши вақтида минглаб сиёсий маҳбуслар оммавий қатл этилишига алоқадорлиги туфайли Америка санкцияларига учраганди.

Мавзуга оид