Ўзбекистон | 12:59 / 05.07.2019
22348
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилояти ҳокими Термиздаги ҳолат юзасидан йиғилиш ўтказди. Транспорт бўйича можароли қарор қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилади

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида муҳокамаларга сабаб бўлган Термиз шаҳрида йўналишли таксилар билан боғлиқ масала юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов раислигида  кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 

Унда таъкидланганидек, аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг 1 июлидан Термиз шаҳридаги ҳаракатдаги таркиб 130 та замонавий ва қулай “Исузу” русумли автобуслар билан янгиланди. Йўловчи ташиш йўналишларини оқилона ташкил этиш ва кенгайтириш мақсадида бу микроавтобуслар 5 та уюшмага бириктирилиб, 7 та йўналиш бўйича қатнов йўлга қўйилди. 

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 

Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, адлия ва монополия органларининг Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги “Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан билдирган эътирозлари ҳам муҳокама этилиб, қайд этилган қарорни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 17 августдаги қарори билан тасдиқланган “Шаҳарда йўловчиларни ташиш йўналишларини жойлаштириш учун очиқ тендерлар ташкил этишга оид” низомда белгиланган шартлар ва тартиб асосида очиқ тендерлар ўтказиш ҳамда бугунги кунга қадар тендер контрактига мувофиқ тегишли йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномасиз фаолият кўрсатиб келган транспорт воситалари учун ташкил этилган янги йўналишларда улар фаолиятининг давомийлиги таъминлаш билан боғлиқ масалалар ҳам белгилаб олинди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид