«Мустақил аъзо». Акционерлар нимадан норози?
25 июнь куни Капитал бозорини ривожлантириш агентлигида 2019 йил 20 мартдаги «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокамасига бағишланган, лизинг компаниялари иштирокидаги йиғилиш бўлиб ўтди.
«Тошкент» Республика фонд биржаси (РФБ) бошкарувчи раиси Бекзод Усмоновнинг айтишича, жорий 20 март санасидан буён 11та акциядорлик жамияти қонун моҳиятини тушунмасдан РФБ котировкаларидан чиқиб кетди. Айни вақтда эса ҳар куни янги битимлар тузилишига қарамасдан «Ўзбеккумир» АЖ ҳам биржа котировкаларидан чиқиб кетмоқчи.
Акционерлик жамиятлари нега РФБ котировкаларидан чиқиб кетмоқчи?
Таъкидланишича, бунга асосий сабаб янги қонунга мувофиқ РФБ котировкасига аъзо бўлган акционерлик жамиятларининг ўз назорат кенгаши таркибида камида бир нафар «мустақил аъзо»нинг бўлиши шартлигидир. АЖлари эса назорат кенгашларида жамиятга алоқаси бўлмаган «мустақил аъзо»нинг бўлишини исташмаяпти ва биржани тарк этмоқда.
Ўз-ўзидан маълумки, биржа котировкасига аъзо бўлмаган АЖлар бу қонунга амал қилиши шарт эмас.
Кимлар «мустақил аъзо» бўлиши мумкин?
«Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунида кимлар «мустақил аъзо» бўла олиши белгилаб берилган.
Шунга қарамасдан, йиғилиш иштирокчиларида қонуннинг айрим бандлари бўйича саволлар вужудга келди. Масалан, «Қўқонспирт» АЖ вакили Муратовнинг «76-модданинг сўнгги «давлат бошқаруви органининг ёки давлат корхонасининг ходими бўлмаган шахс» мустақил аъзо бўла олади дейилган. Бизнинг «мустақил аъзо»миз эса давлат корхонасида ишласа ҳам буджетдан ойлик олмайди. Ўзини ўзи қоплайдиган корхона вакили. Бу ҳолатда қандай йўл тутишимиз керак?» қабилидаги саволига Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Атабек Назиров масалани чуқурроқ ўрганиб кейин жавоб беришини айтди.
Қонунчиликка мувофиқ, қуйидаги шахс кузатув кенгашининг мустақил аъзоси деб эътироф этилади:
— сўнгги уч йил мобайнида жамиятда ва (ёки) унинг аффилланган шахсларида ишламаган шахс;
— жамиятнинг акциядори ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг таъсисчиси (акциядори, иштирокчиси) бўлмаган шахс;
— жамиятнинг ва (ёки) унинг аффилланган шахсининг йирик мижози ва (ёки) йирик етказиб берувчиси билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда бўлмаган шахс. Бунда қайси мижоз ва етказиб берувчи билан энг кам иш ҳақининг икки минг бараваридан кўп бўлган суммага тенг амалдаги шартнома мавжуд бўлса, ўшалар йирик мижоз ва йирик етказиб берувчи деб эътироф этилади;
— жамият ва (ёки) унинг аффилланган шахслари билан бирор-бир келишувга эга бўлмаган шахс, бундан кузатув кенгаши аъзосининг вазифалари ва функциялари бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ бўлган ҳоллар мустасно;
— жамиятнинг бошқарув ва ички назорат органларининг ва (ёки) унинг аффилланган шахсларининг аъзоси бўлган шахснинг ёки сўнгги уч йил ичида уларга аъзо бўлган шахснинг эри (хотини), ота-онаси (фарзандликка олувчиси), фарзанди (фарзандликка олинган боласи), туғишган ва ўгай акаси (укаси) ҳамда опаси (синглиси) бўлмаган шахс;
— давлат бошқаруви органининг ёки давлат корхонасининг ходими бўлмаган шахс.
Маълумот учун, акциялари фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилган жамият кузатув кенгаши таркибига камида бир нафар мустақил аъзо киритилиши керак. Ушбу аъзо ҳар йили қайта сайланиши мумкин.
Бунда давлат ва (ёки) хўжалик бирлашмасининг улуши устун бўлган жамиятларда номзод кўрсатиш ҳамда кузатув кенгашининг мустақил аъзоси бўйича овоз бериш давлат ва (ёки) хўжалик бирлашмасининг вакиллари томонидан амалга оширилади.