Ўзбекистон | 16:35 / 16.06.2022
29151
3 дақиқада ўқилади

Балконидан қизалоқ тушиб кетган уй қурувчиси ва лойиҳаловчисига чора кўрилади

Самарқанднинг Қорасув мавзесида бир ярим ёшли қизалоқ уй балконига ўрнатилган панжарадан ўтиб, 10-қаватдан пастга тушиб кетган ва ҳалок бўлган эди. Қурилиш вазирлиги панжаранинг тўсиғини ўлчади ва масъулларга чора кўрадиган бўлди.

Фото: Kun.uz

13 июн куни мутасаддилар айвонни тўсиб турувчи метал тўсиқларни текширган. Тўсиқдан полгача бўлган масофа (чақалоқ шу оралиқдан тушиб кетгани айтилмоқда) ишчи лойиҳа қирқимида 150 мм кўрсатилган бўлиб, жойида ўлчанганда 165-170 мм чиққан. Лойиҳада тўсиқнинг остки қисми бетондан ёки кафел юзасидан экани аниқ кўрсатилмаган.

“Лойиҳа ташкилоти “Univer Pro Stile” МЧЖ ва пудратчи ташкилот “Agromir Buildings” МЧЖнинг қурилиш ишларига масъул мансабдор шахсларига амалдаги қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини билдирамиз”,дейилади Қурилиш вазирлиги ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур уйларда яшовчи аҳоли вакиллари Kun.uz билан суҳбатда бундай фожиа рўй беришидан қўрқиб келишганини айтганди. Фуқароларга кўра, улар бир неча марта балконлар олдини ёпишни таклиф қилган, бироқ “NUR SHARQ TESS” бошқарув ташкилоти бунга рухсат бермаган: агар балконлар олди баландроқ қилиб ёпилса, фасад кўринишини бузиши айтилган.

“Бир неча марта мурожаат қилишимизга қарамай, балконларни ёпиб беришмади. Орқага суришди, натижа фожиа билан тугади. Қўшни уйларда яшовчилар ўзлари балконга баландроқ қилиб панжара ўрнатишганди. Икки-уч кунга қолмай олдириб ташланди”, – дейди “домком” Гавҳар опа.

9 июндаги фожиа Қорасувда бу каби биринчи ҳодиса эмасди. Аҳолининг айтишича, бир йилча аввал юқори қаватдан тушиб кетган аёл ҳам нобуд бўлган. Бундан ташқари, 80-уйда ижарада яшаб келган оиланинг фарзанди учинчи қаватдан тушиб кетиб, жони омон қолган. Шундан сўнг улар кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Қурилиш вазирлиги ўз муносабатида мазкур уйларнинг қурилиши ва текширувлари бўйича хронологияни келтириб ўтган.

Унга кўра, “Agromir Buildings” МЧЖ Самарқанд вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан 2019 йил 30 мартда рўйхатдан ўтган. Самарқанд шаҳар Қурилиш бош бошқармаси Архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг 2019 йил 14 февралдаги 302-сонли хулосаси билан, “Univer Pro Stile” МЧЖ томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

“Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК Самарқанд вилояти филиали 2019 йил 28 мартда 459-2019 сонли ишчи лойиҳа бўйича йиғма эксперт хулосасини берган.

2019 йилда Самарқанд шаҳар Қорасув массивида 16 қаватли турар жой биноларининг қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

Инспекция томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва тўлиқлигига риоя этилиши устидан назорат функцияларини олиб бориш даврида қурилиш объектида ёзма кўрсатмалар (23.04.2019 – 4/21-сон; 21.11.2019 – 4-79-сон; 20.12.2019 – 4/88-сон; 21.01.2020 – 4/97-сон; 07.12.2020 – 4/93-сон) берилган, дейилади расмий ахборотда.

  • Жиноят кодексининг 258-моддасига кўра, қурилиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид