Ўзбекистон | 14:22 / 06.08.2020
2590
3 дақиқада ўқилади

Интеллектуал мулк объектлари экспертизасини ўтказиш тезлаштирилади. Парламентда янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

Интеллектуал мулк агентлигининг бошқарув ролини янада очиб бериш, Адлия вазирлигининг судгача бўлган орган сифатида апелляция жараёнларини амалга оширишда ваколатини белгилаш кўзда тутилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 8 февралдаги ва “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 июлдаги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. 

Қонун лойиҳасида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза бериш жараёнини шаффоф ва очиқ бўлишини таъминлаш мақсадида давлат ахборот тизимлари орқали бевосита талабнома топшириш шаклининг жорий этилиши, Интеллектуал мулк агентлигининг умумий жараёндаги бошқарув ролини янада очиб бериш, Адлия вазирлигининг судгача бўлган орган сифатида апелляция жараёнларини амалга оширишда ваколатини белгилаш ўз ифодасини топган.

2019 йилда Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 6331 та интеллектуал мулк объектлари (2018 йилда – 5749 та объект), шу жумладан товар белгилари – 4096, ихтиролар – 378, фойдали моделлар – 109, саноат намуналари – 169, селекция ютуқлари – 32, ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базалари – 1547 рўйхатдан ўтказилган.

Янги қонун лойиҳаси бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ҳужжат топширишни соддалаштириш, объектларни рўйхатдан ўтказиш муддатларини қисқартиш, интеллектуал мулк объектлари тезкор экспертизасини ўтказишга хизмат қилади. 

Интеллектуал мулк соҳасидаги амалдаги қонунларда объектларни рўйхатдан ўтказиш учун тўғридан тўғри Агентликка ариза топшириш кўзда тутилган бўлиб, бу эса ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини чеклар эди. Бундай ҳолат коррупция хавфини оширади, рўйхатга олиш жараёнини сезиларли даражада мураккаблаштиради ва узайтиради. Қонун лойиҳасининг тасдиқланиши эса мазкур тўсиқларни бартараф этишда муҳим роль ўйнайди.

Қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган бўлиб, 10 та моддадан иборат. Унда Фуқаролик кодекси, Божхона кодекси, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги, “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид