Жаҳон | 15:01 / 22.05.2026
4212
9 дақиқада ўқилади

«Ядровий мускулларини» кўрсатган Россия ва Канада ичидаги бўлинишлар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон уранни бермоқчи эмас

Эрон Олий раҳнамоси Мужтаба Хоминаий уран захирасини хорижга юбормаслик ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда Эрондаги икки юқори мартабали манбага таяниб Reuters хабар берди.

«Олий раҳноманинг кўрсатмаси ва ҳукумат ичидаги консенсус шундан иборатки, бойитилган уран захираси мамлакатни тарк этмаслиги керак», деди исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган манба.

Юқори мартабали мулозимлар ушбу материалнинг хорижга юборилиши – Эронни АҚШ ва Исроилнинг келгуси ҳужумлари олдида янада ҳимоясиз қолдиради деб ҳисобламоқда.

Кичик Хоминаийнинг ушбу буйруғи АҚШ президенти Доналд Трампни янада ғазаблантириши ва урушни якунлаш бўйича музокараларни мураккаблаштириши мумкин.

Трампнинг ўзи пайшанба куни АҚШ бунга йўл қўймаслигини ваъда қилди: «Биз уни — бойитилган уранни қўлга киритамиз. У бизга керак эмас, биз уни хоҳламаймиз. Уни қўлга киритганимиздан кейин, эҳтимол, йўқ қилармиз, лекин уларда қолишига йўл қўймаймиз», деди Трамп Оқ уйда журналистларга.

Исроил расмийларига кўра, Трамп Исроилга ҳам Эронда бойитилган уран захираси бўлмаслиги ҳақида ваъда берган. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу уран Эрондан олиб чиқиб кетилмагунча ва унинг баллистик ракета салоҳияти йўқ қилинмагунча уруш тугаган деб ҳисобланмаслигини айтди.

Исроил, АҚШ ва Ғарб давлатлари азалдан Эронни ядро қуроли яратишга уринишда айблаб келади. Улар Эроннинг уранни 60% гача бойитиш бўйича қадамларини мисол қилиб кўрсатмоқда. Чунки бу фуқаролик эҳтиёжлари учун зарур бўлган даражадан анча юқори ва қурол учун керакли 90% лик кўрсаткичга яқин ҳисобланади. Эрон эса ядро қуролини яратишга уринаётганини рад этади.

Шунингдек, Эрон расмийлари АҚШнинг сулҳга интилиши ва келишув таклифларига «чуқур шубҳа» билан қарамоқда. Урушдан олдин Эрон бойитилган уран захирасининг ярмини мамлакатдан олиб чиқиб кетишга тайёрлигини билдирган эди. Бироқ Трампнинг Эронга зарба бериш ҳақидаги таҳдидларидан кейин бу позиция ўзгарган.

Россия «ядровий мускулларини» кўрсатмоқда

Россия ва Беларус пайшанба куни ўзларининг қўшма ядровий машғулотлари якуний босқичини ўтказди. Президент Владимир Путин беларуслик ҳамкасби Александр Лукашенко билан видеомулоқот орқали ушбу манёврларни муҳокама қилди.

«Ядро қуролидан фойдаланиш — давлатларимиз миллий хавфсизлигини таъминлашнинг ўта фавқулодда, мустасно чорасидир», деди Путин.

Лукашенко эса машғулотлар давомида ядровий заряд ташишга қодир «Искандер» баллистик ракеталарини кўздан кечирди ва «мен бу машина ҳақида анча вақтдан бери орзу қилардим», деди.

Беларус етакчиси унинг давлати Украина урушига тортилиши ҳақидаги ҳар қандай фикрни рад этди. Бироқ «тажовуз содир бўлган тақдирда Россия ва Беларус биргаликда ҳимояланиши»ни маълум қилди. Лукашенко, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашишга тайёрлигини билдирган.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машқларга 64 000 нафар ҳарбий хизматчи, 200 дан ортиқ ракета учириш қурилмаси, 140 дан зиёд самолёт, 73 та ҳарбий кема ва 13 та сувости кемаси жалб этилган.

Россия қуролли кучлари «Ярс» ва «Синева» қитъалараро баллистик ракеталарини, шунингдек, денгиздан учириладиган ўрта масофали «Циркон» ва ҳаводан учириладиган «Кинжал» ракеталарини синовдан ўтказди. Беларус қўшинлари эса Россия ҳудудида қисқа масофали «Искандер» баллистик ракетасини синовдан ўтказди.

Сешанба куни бошланган уч кунлик машғулотлар Россия узра Украина дрон зарбалари кескин кўпайган бир вақтга тўғри келмоқда. Олдинроқ Россия Ташқи разведка хизмати ҳеч қандай далил келтирмаган ҳолда, Украина Болтиқбўйи мамлакатларидан Россияга дронлар ҳужуми тайёрлаётганини даъво қилган ва жавоб чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирганди.

Ядровий машғулотлар қандай хабар йўллашни кўзда тутгани ҳақидаги саволга Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков: «Ҳар қандай машғулотлар сигнал беришни кўзда тутади», деб жавоб берди.

БМТда иқлим ўзгаришига доир резолюция

БМТ Бош ассамблеяси «Мамлакатларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда қазиб олинадиган ёқилғи истеъмолини камайтириш бўйича ҳуқуқий мажбуриятини тасдиқловчи» резолюцияга овоз берди. Уни 141 давлат ёқлади, 8 та қарши овоз бўлди ва ҳужжат қабул қилинди.

Резолюцияга АҚШ, Россия, Беларус, Исроил, Яман, Эрон, Либерия ва Саудия Арабистони қарши овоз берди. Яна 28 аъзо давлат овоз беришдан тийилди.

Резолюцияни муҳокамага иқлим ўзгариши оқибатлари олдида энг заиф ҳисобланган орол-давлат — Вануату тақдим этди. 2022 йилда Вануату расмийлари денгиз сатҳининг кўтарилиши ва тез-тез такрорланаётган экстремал об-ҳаво ҳодисалари сабабли иқлимий фавқулодда ҳолат эълон қилганди.

AP нашрига кўра, АҚШ ушбу ҳужжатни муҳокамадан қайтариб олишга чақирган. Чунки Оқ уй ушбу резолюция Америка саноатига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.

Бош ассамблеянинг ушбу резолюцияси БМТ Халқаро судининг 2025 йил ёзида чиқарган маслаҳат хулосасини мустаҳкамлайди. Ундан келиб чиқиб, давлатлар глобал исишга қарши курашиши ва қазиб олинадиган ёқилғи истеъмолини камайтириши шарт.

Шу билан бирга бундай хулоса тўғридан тўғри юридик кучга эга эмас, бироқ эндиликда иқлим ўзгариши билан боғлиқ суд ишларида унга таянилади.

Албертада референдум

Канаданинг нефтга бой бўлган Алберта провинцияси октябр ойида аҳолининг Канада таркибида қолиш-қолмаслиги бўйича мажбурий бўлмаган референдум ўтказади. Референдум асосан рамзий маънога эга бўлса-да, ушбу қадам бош вазир Марк Карни учун жиддий синов бўлиши мумкин.

Штат расмийларига кўра, овоз бериш бюллетенидаги савол мустақил бўлиб ажралиб чиқишни тўғридан тўғри бошлаб бермайди. Бунинг ўрнига аҳолидан «Алберта ҳукумати келажакда мустақиллик бўйича мажбурий референдум ўтказиш учун ҳуқуқий жараёнларни бошлаш керакми ёки йўқми?» деган савол сўралади.

«Овоз бериш — алберталикларнинг ушбу мавзу бўйича хоҳиш-иродасини тушуниш ва олдинга қараб қадам ташлаш вақти келди», деди провинция бош вазири Даниэл Смит.

Ушбу эълон референдум ўтказишни хоҳлаётган бир гуруҳ фаол айирмачиларнинг бир неча ойлик кампаниясидан сўнг янгради. Ваҳоланки, ижтимоий сўровномалар — ажралиб чиқишни провинция сайловчиларининг атиги учдан бир қисми қўллаб-қувватлашини кўрсатиб келмоқда.

Бу нафақат Алберта ичида, балки бутун Канада миқёсида ихтилофларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Чунки Карни келгуси ойларда АҚШ тарифларига қарши туришда ягона Канада фронтига раҳбарлик қилишга уринмоқда.

АҚШ Полшага яна 5000 аскар жойлаштиради

АҚШ президенти Доналд Трамп пайшанба куни Қўшма Штатлар Полшага яна 5000 нафар ҳарбий хизматчи юборишга тайёрланаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Полша президенти Карол Навротский билан яқин муносабатларига асосланган.

Трампнинг ушбу кутилмаган баёноти – Пентагон Европадаги АҚШ армиясининг бригада жанговар гуруҳларини қисқартираётганини эълон қилганидан атиги икки кун ўтиб янгради.

Вице-президент Ж.Д. Вэнс ҳам шу ҳафта бошида АҚШ қўшинларининг Полшага жойлаштирилиши кечиктирилганини айтганди.

Полша мудофаа вазири Владислав Косиняк эса бундан олдин Европадаги АҚШ қўшинларининг қисқартирилиши Полшага таъсир қилишини рад этган.

Трамп ўтган йил май ойида президент Навротскийни Оқ уйда қабул қилган ва Полшадаги сайловлар олдидан энг муҳим паллада уни қўллаб-қувватлаганди. Якунда ушбу миллатчи сиёсатчи — европапараст партия номзодини мағлуб этиб, ғалаба қозонди.

Полша НАТОнинг энг муҳим аъзоларидан бири бўлиб, Европадаги энг йирик армиялардан бирига эга. Полша ўз ялпи ички маҳсулотининг қарийб 4,5 фоизини мудофаа соҳасига сарфлайди — бу алянс миқёсидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид