Ўзбекистон | 15:26 / 24.07.2020
12710
4 дақиқада ўқилади

Туркиялик мутахассислар гуруҳи Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашда маслаҳатчи сифатида келишди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Covid-19’га қарши курашда кўмак бериш учун Ўзбекистонга турк мутахассислари консультант сифатида келишгани ҳақида хабар қилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш жараёнини ташкил қилишда етакчи мамлакатларнинг тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Президентимиз топшириғига асосан юртимиздаги Covid-19’га қарши кураш марказий штабига коронавирус инфекцияси тарқалиши олдини олиш бўйича консультантлари сифатида турк мутахассислари ташриф буюрди», дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистонга келган гуруҳ орасида Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий кенгаши аъзоси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис, профессор Ражаб Ўзтурк, Хасеттепе университети илмий кенгаши аъзоси, жамоатчилик саломатлиги бўйича мутахассис, профессор Левен Оқин ва Анқара шаҳар шифохонасининг юқумли касалликлар бўйича мутахассиси, профессор Хатице Раҳмет Гунер бор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов консультантларни қабул қилди ва мамлакатда Covid-19’га қарши олиб борилаётган чоралар ҳақида батафсил гапириб берди.

Учрашув иштирокчилари янги коронавирус инфекциясини профилактикаси ва даволашнинг амалий жиҳатлари, ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишган. Тадбирда соғлиқни сақлаш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг тафсилотлари ҳам муҳокама қилинган.

Туркия мутахассислари билан соғлиқни сақлаш соҳасида кенг ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланган. Бунда таълим соҳасидан тортиб, ихтисослашган тиббиёт муассасалари ўртасидаги тажриба алмашув, мураккаб жарроҳлик амалиётларини биргаликда ўтказиш, тиббий жиҳозлар билан таъминлашгача йўналишлар қамраб олинган.

Томонлар турли ёшдаги беморларда Covid-19 касаллиги, янги турдаги коронавирус инфекциясининг характерли белгилари, ушбу касалликнинг ўзига хос белгилари, диагностика усуллари, даволаш протоколлари, соғайган беморларни кузатиш ва бошқа мавзуларни муҳокама қилишган. Реанимация бўлимларида ўта оғир беморларни даволашнинг сўнгги усулларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айтилган.

«Covid-19 глобал муаммосининг инқирозли кўринишларини олдини олиш ва бартараф этиш, шунингдек, олдинги сафларда хизмат қилаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ҳамда касаллиги гумонланганларни карантинга олиш ва беморларни даволаш тадбирлари бутунлай давлат томонидан қопланиши бўйича Ўзбекистон раҳбарияти томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар Туркия вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида турк мутахассислари тиббиёт муассасалари, жумладан бирламчи тиббиёт муассасалари ва Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилган кўп тармоқли махсус шифохона иш фаолияти, касалланган беморларни даволаш баёнлари, юртимизда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ бўлган эпидемиологик вазиятни батафсил ўрганиб чиқадилар, илмий-амалий тадбирларда иштирок этадилар ҳамда юртимизнинг турли ҳудудларида даволанаётган аҳволи ўта оғир беморларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида онлайн видеоконференциялар ўтказадилар. 

Шунингдек, Туркия Республикасининг Covid-19’га қарши курашда ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда қўллаш имконияти кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекциясига чалинган аҳволи оғир беморлар ҳолати, уларни даволаш жараёнини таҳлил қилиш ва керакли ўзгартиришларни киритиш мақсадида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ва олимлар иштирокида видеоконференциялар мунтазам ташкил этилмоқда. 

Айни пайтда Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассисларидан бўлмиш профессор Вернер Бэр ҳам мамлакатимиздаги Covid-19’га қарши кураш марказий штабида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича консультант сифатида бўлиб турибди. У мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳволи оғир беморларни самарали даволаш бўйича зарур тавсияларини бермоқда, натижада даво-муолажаларини коррекция қилишга эришилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Мавзуга оид