Жамият | 20:47 / 12.06.2020
20557
3 дақиқада ўқилади

“Шайтанат” қаҳрамонлари овозларидан зиғир ош рекламасида фойдаланган тадбиркор жавобгарликка тортилгани маълум қилинди

“Шайтанат” киноасари муаллифининг шикоятига асосан харидор ва буюртмачиларни жалб қилиш учун сериал қаҳрамонлари овозларини монтаж қилиб, ош рекламасида фойдаланган тадбиркор маъмурий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги хабар берди.

Видеодан кадр

Агентликнинг қайд этишича, қонунчилигимизда кинематография асарларига нисбатан муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган бўлиб, уларни поймол қилиш қонунга биноан жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади. Жумладан, муаллиф ўз асарини ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, асарни омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Маълум бўлишича, Б.М. исмли тадбиркор “Шайтанат” киноасари қаҳрамонлари овозларини монтаж қилиб, ўз маҳсулотини реклама қилиш ва харидорларни жалб қилишни кўзлаган. Шу мақсадда видеоролик тайёрлатиб, Telegram’га муаллиф розилигисиз жойлаштирган. Кўпчиликнинг кўнглидан жой олган сериал қаҳрамони овози асосида тайёрланган реклама таъсирида харидорлар оқиб кела бошлаган. Бироқ уддабурон шахс бунинг учун асар муаллифидан бир оғиз бўлса ҳам рухсат сўрамаган.

“Мазкур ҳуқуқбузарликдан хабар топгандан сўнг асар муаллифи мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлиги, унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказилганлиги ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонунчилдикда белгиланган таъсир-чораларни кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига мурожаат этади.

Агентликнинг Интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш бўлими томонидан баённома тузилиб, тегишли суд инстанцияси томонидан ҳуқуқбузар киноасардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 1771-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилди”, дейилади расмий хабарда.

Интеллектуал мулк агентлиги ҳолат бўйича айнан ким шикоят қилгани, хабар матнида келтирилган асар муаллифи ким эканига ойдинлик киритмаган.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид