Ўзбекистон | 22:14 / 06.04.2023
11607
10 дақиқада ўқилади

Судлар фермерларни етарли ҳимоя қилолмаяпти. Ерларнинг “кўчиб юриши” таҳдидлар яратмоқда

Kun.uz мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳолатини ёритишда давом этади. Бугунги мавзу – ҳақ-ҳуқуқлари судларда-да ҳимоя қилинмаётгани сабабидан азият чекаётган фермерлар, бунинг оқибатида мустақил эгасиз қолаётган, мудом қўлдан қўлга ўтаётган, “етим” ерлар.

Шокир Хўжаниёзов (Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Mastura Doniyor Doston” фермер хўжалиги раҳбари):

— 2005 йилда фермер хўжалиги ташкил қилганмиз ва шундан буён деҳқончилик қилиб келяпмиз. 2020 йилда Хонқа туманимизга янги ҳоким келди, ноқонуний топшириқлар бера бошлади. Давлат режасини топшириб бўлгач, 40 тонна ортиқча буғдой топшириш бўйича буйруқ бўлди. Беролмаслигимни айтдим ҳокимга, чунки давлат шерикчилигида боғча қураётган эдим, буғдойдан тушган даромадни шунга ишлатишимни айтдим. Машмашалар шундан кейин бошланди.

4-5 марта судга берди ер шартномасини бекор қилиш учун. Мана, бир йилдирки, судлашиб келяпмиз. Олий судгача келди иш. Апелляция шикояти судидан кейин туман ҳокими ерларимизни аукционга қўйиб, лотларга бўлиб, сотиб юборди. Биз Олий судга шикоят қилдик. Олий суд кассация жараёнлари тугамагунча жараёнларни тўхтатиш бўйича қарор берди. Лекин туман ҳокими буни писанд қилмай, ерларни сотиб юборди.

Чорихон Қодиров (Ўзбекистон фермер, деҳкон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси):

— Хонқа туманидаги бошқа фермерлар ҳам туман ҳокими хатти-ҳаракатларидан норозилик билдирган. Мурожаатларнинг аксарияти ўринли. Бошқа фермерларнинг мурожаатлари ҳам Шокир Хўжаниёзовники каби. Туман ҳокимлиги ваколати йўқ бўлган ташкилотнинг тақдимномаларини даъво аризасига қўшган.

Шокир Хўжаниёзовнинг фермер хўжалиги ҳужжатларини кўриб чиқдим. Бу кишининг адвокати Олий судга илтимоснома киритган, яъни Фермерлар кенгаши, Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан мутахассислар жалб қилинг, амалий ёрдам беринг, деган. Судлов ҳайъати эса асоссиз равишда инкор этган буни. Қуйи тизимдаги судлардан келган қарорларга қараб, қарорларни ўз кучида қолдириш ҳаракатида бўлишади. Шунинг учун иш чуқур кўрилиб, мутахассислар жалб қилинишига қарши бўлишади. Мақсад – қуйи суднинг қарорини кучида қолдириш.

Биринчи ва иккинчи инстанция судларига туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг кўпи сохта бўлиб чиқди. Буни ўрганиб чиқдим. Биз шундай ҳолатларни аниқлайдиган ташкилотмиз, судлов ҳайъати эса бизнинг судга киришимизга қаршилик қиляпти. Агар мени мутахассис сифатида чақиришса, бирма-бир ноқонунийлик ва сохтакорликларни кўрсатиб берардим.

Бир нарсага эътибор беринг. Туман ҳокимлиги киритган даъво аризасида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январдаги 22-сонли қарори асосидаги низом бўйича фермернинг қонунбузаликлари бўйича аниқ ҳужжатлар тақдим қилиши керак эди. Аммо бунга риоя қилинмаган.

Бу нарса биргина Хонқа туманида эмас, бутун Ўзбекистон бўйича барча туман ҳокимликлари шундай қилади. Бир ҳоким солиқдан қарзи бор деган маълумотнома қўшади, яна биттаси сувдан бор дейди. Булар билан даъво аризаси киритиб бўлмайди. Амалиётда жуда кўп кўряпман. Бекобод туманида 12 та фермер хўжалигига нисбатан берилган даъво аризасида шундай камчиликлар бўлгани учун судя даъво аризасини тўхтатди. Мазкур ҳолатда ҳам судя адолат қилганда, даъво аризаси тўхтатилиши керак эди. Аммо судя маъмурий тартибга риоя қилинмаган даъво аризасини қаноатлантирган.

Ш.Хўжаниёзов билан боғлиқ иш материалларида 2022 йил 8 сентябрдаги далолатнома бор. Юқорида айтганимдек, ҳуқуқий меъёрларга амал қилинмаган. Яъни низомнинг 3-боб 14-бандига зид тарзда фермерлар кенгаши раиси иштирокисиз расмийлаштирилган, бундан далолатнома ҳақиқий эмас. Лекин биринчи инстанция суди буни далил сифатида баҳолаган. Апелляция судлов ҳайъати ҳам шундай қилган.

2022 йилнинг 9 апрелидаги 102-сонли тақдимнома киритилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 571-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаби бўйича қишлоқ хўжалиги бўлимларига тақдимнома киритиш ваколати берилмаган. Фақатгина кадастр бўлимларида бу ҳуқуқ бор. Айнан мана шу ваколати йўқ идора киритган тақдимномани судлар инобатга оляпти.

2022 йил 8 апрелда берилган Сув истеъмолчилар уюшмаси (СИУ) томонидан берилган 65-сонли маълумотнома ҳам ҳақиқий эмас. СИУ нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади ва бундай ташкилотларнинг муҳрида давлат герби бўлмайди, бу ерда эса бор – сохта ҳужжат бу.

“Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 35-1 сонли моддасини бузган деб ёзилган. Агар шундай бўлса, маъмурий жавобгарликка тортилиши ва ўшанинг қарорини илова қилиш керак эди. Судлар ҳуқуқий баҳо бермаган бунга.

2022 йил 7 апрелда Хонқа тумани Экология бўлими ҳам худди шундай маълумотнома берган. Мониторинг ўтказилган, лекин унда фермер иштироки йўқ, ҳужжат ҳақиқий ҳисобланмайди.

Фермер хўжалиги 3 йил режа топшириқларини бажармаган, деган гап бор даъво аризаси иловасида. Аммо меъёрий талабдан кам ёки кўп ҳосил олгани тўғрисида мутахассислар хулосаси йўқ. Бундан ташқари, ер майдони ва ҳолатидан келиб чиқиб шартнома тузилмаган. Бутун республикада шундай ҳолат ҳозир. Судларда мана шу масалани ҳал қилишда, мутахассис жалб қилишда қишлоқ хўжалиги тизимлари оқсаяпти. Берилган меъёр тўғри берилмаганини ўзлари ҳам билишади, тўғри хулоса беришдан қочишади. Бу ҳам адолатсизлик.

Агар адолатли ёндашилса, қуйи судларнинг қарорлари бекор қилиниб, қайта кўришга берилиши керак. Аслида эса белгиланган тартибда ҳужжатлар тақдим этилмагани учун ишни ҳаракатдан тўхтатиш керак эди. Биринчи инстанция суди ҳам, апелляция судлов ҳайъати ҳам Олий суднинг қарор ва талабларини бузган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарори билан мақбуллаштириш ўтказилган эди. Бунда ҳам республика бўйича туман ҳокимликлари жуда шошма-шошарлик билан, Ер кодекси меъёрларини, маъмурий тартибларни четлаб ўтиб, кўплаб фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини поймол қилган эди. Мақбуллаштириш қарори ижросини назорат қилиш прокуратурага топширилган эди. Якуний ечимни Бош прокуратура қилиши кераклиги ҳам айтилганди. Аммо бундай қилишмади. Оқибатда жуда кўп ҳокимликлар томонидан қилинган бундай ҳаракатлар яширилди.

Масалан, Бўка, Оҳангарон, Сирдардё, Бувайда, Бўстонлиқ, Андижон, Гурлан, Янгийўл, Яккабоғ каби бир қанча туманларда мақбуллаштириш адолатсиз ўтказилди. Яккабоғ тумани собиқ ҳокими ногиронлиги бўлган фермернинг ерини сохта ҳужжатлар билан олиб қўйиб, бошқа фермерга бериб юборган. Жиноий иш қўзғатиб, аниқлаганмиз. Бундай ҳолатлар бошқа туманларда ҳам жуда кўп.

Ҳокимларимиз жуда ҳаволаниб кетган. Қонуний манфаатлари поймол бўлган фермерларнинг ҳуқуларини тиклашда жуда кўп тўсиқларга дуч келяпмиз. Баъзи ҳолларда суд тизимидагилар бизга ёмон кўз билан қарайди. Чунки биз ННТмиз.

Жиноят ишлари қўзғатиладиган ҳолатлар ва далиллар жуда кўп, лекин прокуратура органлари панжа ортидан қарашади буларга. Бироқ ойни этак билан ёпиб бўлмайди.

Камолиддин Икромов (“Агробизнес ассоциацияси” жамоат бирлашмаси раҳбари):

— Бундай тажрибали фермерларнинг ери олиб қўйилса, улар ўзини жамиятга кераксиздай ҳис қилиб қолади. Мисоллар кўп.

Яхши янгилик ҳам бор бу соҳада. Фермерлар ерини нотариал тартибда олиш жорий қилинди. Энди ҳокимларга осон бўлмаяпти фермер ерини олиб қўйиш.

Чуст туманида ҳоким президент қароридан олдинги сана билан фермерлар ерини олиб қўйган ҳолат бўлди. Ҳужжатларни фермерларнинг ўзи ёзмаган ҳолатлар ҳам бор. Бундай ҳолатлар кейинги ва ҳозирги фермерлар авлодига салбий сигнал. Соҳа 10-15 йилдан кейин анча чўкиб қолади. Кейинги авлод бу қийинчиликларни кўриб, соҳани танламайди ҳам.

Ўз-ўзидан ернинг аҳволи ҳам ёмонлашиб боради, чунки ишлашни, ерга қарашни хоҳламайдиган одамлар келади. “Бир кунга” ишлаш бошланади, чунки эртага ерни олиб қўйиш хавфи бор. Қишлоқ хўжалигига жуда катта зарар бўлади. Ҳозирдан бундай ҳолатларни тўхтатиш керак. Қонунларга амал қилишни кучайтириш лозим.

Шокир Хўжаниёзов:

— Энг ачинарлиси шу бўляптики, Олий суд ажримига бўйсунмасдан ўз билганича иш қилишяпти. Туман судлари-ку ҳокимлар учун ишлаяпти. Олий суд қарорлари ҳам ижро этилмаслиги келажакда судларнинг обрўсизланиб боришига сабаб бўлади. Шундай давом этаверса, келажакда бу катта муаммога айланиб қолади.

Чорихон Қодиров:

— Мана масалан, яқинда Оҳангарон туманидаги Иқболхон Аҳмедованинг фермер хўжалиги хуқуқлари Олий суд томонидан тикланган эди. Аммо туман прокурори нотўғри важлар билан, давлат манфаати деб яна судга даъво киритяпти.

Гапирса, гап кўп. Республика бўйича қанчадан қанча фермер хўжалигининг ҳуқуқлари топталяпти. Судлар, прокуратура эса етарлича ҳимоя қилмаяпти, қонуний ёндашмаяпти. Прокуратура органлари фермерларни ҳимоя қилишни эмас, ер ижара шартномасини бекор қилдириш тўғрисида даъво ариза киритишни амалиётига жорий қилиб олишди. Аслида туман прокурори фермер хўжалигининг ижара шартномани бекор қилиш бўйича даъво аризаси киритишда ТАРАФ ЭМАС. Туман ҳокимлигининг ўзи бериш керак даъво аризасини. Бож тўлашдан қочиб, туман прокурорига айтади. Прокуратура гўёки давлат манфаатини ҳимоя қилаётган бўлади, лекин бошқа шахснинг манфаатлари турган бўлади бунинг ортида. Ўзлари билади буни.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид