Жаҳон | 08:40 / 24.04.2024
24350
5 дақиқада ўқилади

РФ мудофаа вазири ўринбосари қўлга олинди

Тимур Иванов ўта йирик миқдорда пора олишда гумонланмоқда. У Шойгунинг яқин кишиларидан бири ҳисобланган ва вазирликнинг йирик қурилиш лойиҳалари билан шуғулланган. Журналистлар унинг миллиардлаб рублларга баҳоланган активларини аниқлашган.

Фото: Алексей Никольский / Спутник / Reuters / Scanpix / LETA

РФ Тергов қўмитаси 23 апрел куни кечқурун РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов қўлга олингани ҳақида хабар берди. Унга нисбатан ўта йирик миқдордаги, яъни камида бир миллион рубл пора олиш (ЖК 290-модда, 6-қисми) моддаси бўйича тергов олиб борилмоқда. Тергов қўмитаси иш тафсилотларини келтирмаган. «Тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — деган ТҚ расмий вакили Светлана Петренко.

Иванов айнан қачон ушлангани ҳозирча маълум эмас. 23 апрел куни кундузи у мудофаа вазирлигининг Сергей Шойгу раҳбарлигидаги ҳайъат йиғилишида қатнашганди, деб ёзган РБК. «Интерфакс» ҳуқуқ-тартибот органларига асосланиб хабар беришича, тергов Ивановни ҳибсга олишни сўраб судга мурожаат этган. ТАСС хабарига кўра, Шойгунинг ўринбосари 15 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

«112» телеграм-канали тасдиқлашича, тезкор ходимлар Ивановнинг Доғистондаги дала ҳовлисида тергов тадбирлари ўтказишган. «ВЧК-ОГПУ» телеграм-каналининг тасдиқланмаган маълумотларига кўра, Иванов билан яна уч киши қўлга олинган. 23 апрел куни кечқурун «Коммерсант» ФХХ ходимлари Ивановни тергов қўмитаси марказий аппарати терговчилари олиб кетишганини хабар қилди. Тунни Иванов вақтинча сақлаш изоляторида ўтказган.

РФ президенти Владимир Путинга мудофаа вазири ўринбосари қўлга олингани тўғрисида хабар етказилди, деган журналистларга президент матбуот котиби Дмитрий Песков. «Шунингдек мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам олдиндан хабардор қилинган», — деган Песков. РФ мудофаа вазирлиги ҳозирча бу ҳодиса юзасидан муносабат билдирмади.

Тимур Иванов — Сергей Шойгу жамоасидаги одамлардан бўлган. Иванов мудофаа вазири ўринбосари лавозимида 2016 йилдан буён ишлаб келаётганди, ундан олдин уч йил мобайнида мудофаа вазирлигига қарашли «Оборонстрой» компаниясини бошқарган, шунингдек Шойгу Москва областиига раҳбарлик қилганида регион ҳокимиятида ишлаган. Иванов мудофаа вазири ўринбосари лавозимида вазирлик объектлари ҳамда ҳарбий ипотека объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини назорат қилган, шунингдек РФ қуролли кучлари учун уй-жой ва тиббий ёрдамни ташкил этиш, мулкни бошқариш ва қўшинларни жойлаштиришга маъсул бўлган.

Иванов барча йирик ҳарбий қурилишларга раҳбарлик қилган, жумладан Россия қуролли кучларининг бош ибодатхонаси, Москва яқинидаги «Патриот» боғи, Камчаткадаги сувости кемалари базалари ва «Восточний» космодроми унинг раҳбарлигида қурилган. Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин у оккупация қилинган Мариуполни тиклаш бўйича лойиҳаларга жавобгар бўлган, деб ёзади Михаил Ходорковскийнинг «Досье» проекти.

Иванов 2019 йилда Forbes журнали томонидан тузилган энг бадавлат кучишлатарлар рейтингига кирган. Нашр 2018 йил якунларига кўра, унинг оиласи даромадини 136,7 миллион рублга, Ивановнинг ўзининг даромадини — 13,6 миллион рублга баҳолаган.

Forbes нашрининг мудофаа вазирлигидаги манбаси Тимур Иванов — «Шойгунинг одами» экани, аммо мудофаа вазири ўринбосари сўнгги вақтларда «хатоларга йўл қўйганди» ва унга «саволлар тўпланиб қолганди». Нашр суҳбатдоши вазир ўринбосарининг қўлга олинишини Шойгу вазирликдан кетиши мумкинлиги ва бундан олдинроқ вазирлик «унинг одамларидан тозаланиши» билан боғлаган.

Тимур Иванов — журналистларнинг коррупция тўғрисидаги кўплаб суриштирувлари фигуранти бўлган. Алексей Навалний ва «Проект» маълумотига кўра, Ивановлар оиласининг Рублёвкада қасри ва Москвадаги Пречистенкада XIX асрга мансуб дворянлар қўрғони бор — ҳар бир объект нархи 600 миллион рубл атрофида туради. 2022 йил декабр ойида Алексей Навалнийнинг тарафдорлари Тимур Иванов ва унинг рафиқаси Светлана Захарова (Маниович) ҳақида эълон қилган катта суриштирувда айтилишича, 2010-2018 йилларда эр-хотин ҳар ёзда Ложувард соҳилида виллаларни ижарага олган ва Сен-Тропеда уй-жой ижараси учун камида 850 минг евро сарфлаган. Бу харажатлар ва саёҳатлар вақтида сотиб олинган заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо кийим-кечаклар учун пулларни бошқа одамлар ёки компаниялар тўлашган. Унинг Европага, хусусан Францияга сафарлари Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин ҳам давом этган. 2022 йил ёзида Светлана Маниович расман Тимур Иванов билан ажрашган. Коррупцияга қарши кураш фондининг 2023 йил июлида чиққан бошқа суриштирувида айтилишича, Ивановнинг янги рафиқаси экани тахмин қилинган, РФ мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси бўлган Мария Китаева ҳам Россиянинг Украинага босқинидан кейин Европа бўйлаб саёҳатлар уюштирган.

Иванов 2022 йил мартидан буён АҚШ санкциялари, 2022 йил октябридан буён Евроиттифоқ санкциялари остида бўлган. Ивановнинг собиқ рафиқаси Светлана Маниович ЕИ санкцияларига дучор бўлмаган, чунки уруш бошланганидан беш ой ўтиб ажрашганди. 2023 йил апрелида Навалний жамоаси Парижда Маниович ижарага квартира олган уй олдида норозилик акцияси ўтказган.

Мавзуга оид