Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ал-Қудс бўйича исталган нотўғри қадам янги ихтилофлар келтириб чиқаради – Эрдўған
Ал-Қудснинг мақоми бўйича исталган нотўғри қадам бутун ислом дунёсининг салбий муносабатига учрайди, тинчлик асосларига путур етказади, кескинликнинг ошишига олиб келади, минтақада янги ихтилофлар келтириб чиқаради. Бундай фикрни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Иордания қироли Абдуллоҳ II билан Анқарада учрашгандан кейин берилган матбуот анжуманда айтиб ўтди.
Эрдўған АҚШнинг Исроилдаги элчихонасининг Тель-Авивдан Ал-Қудсга кўчирилиши ва Ал-Қудснинг Исроил пойтахти деб эълон қилиниши бўйича режаларини қоралади.
Эрдўған жаҳон ҳамжамиятини муқаддас шаҳарнинг ҳуқуқий мақомининг ўзгаришига олиб келувчи исталган қадамлардан сақланишга чақирди. “Ҳеч ким ўз манфаати учун миллиардлаб одамлар тақдири билан ўйнашишга ҳақли эмас. Бундай қарор террорчилик ташкилотларига фақатгина қўл келади”, деб айтган Эрдўған.
Унинг айтишича, тарихий воқеликларнинг эътиборга олинмаслиги барбодликка дучор бўлади. “Минтақадаги барқарорлик, тинчлик ва хавфсизлик баъзи сиёсатчилар манфаатларидан устунроқдир”, деб таъкидлаб ўтди Туркия раҳбари.
“Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг амалдаги раиси ва Туркия президенти сифатида АҚШни минтақада алғов-далғовликка олиб келувчи қадамдан воз кечишга, Исроилни эса минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшадиган сиёсатга амал қилишга чақираман”, деб қўшимча қилган Эрдўған.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, БМТ резолюциялари билан тасдиқланган фаластинликлар ҳуқуқларини инкор этувчи ҳар бир қадам турли динлар вакилларининг биргаликда тинч-тотув яшашига зарба беради.
Эрдўғаннинг айтишича, 1967 йилдаги чегараларга эга, пойтахти Ал-Қудсда бўлган мустақил Фаластин давлати яратилиши минтақада тинчлик ва хавфсизликнинг гарови ҳисобланади.
Ўз навбатида, Иордания қироли Фаластин-Исроил ихтилофини ҳал қилишнинг ягона йўли “икки халқ учун икки давлат” тамойили ҳисобланишини айтди. Унинг таъкидлашича, исталган тинчлик сулҳи бутун Яқин Шарқ учун фаровонлик келтиради. “Ал-Қудсдаги Ал-Ақсо масжиди Иордания учун катта аҳамиятга эга. Бу шаҳар мусулмонлар учун ҳам, насронийлар учун ҳам муқаддас жойдир”, деб айтган Абдуллоҳ II.
Мавзуга оид
18:31
АҚШ сайёҳлик ва бизнес визалари учун тезкор суҳбат бўйича пуллик хизматни йўлга қўяди
15:12
Америка бизнеси Ўзбекистон лойиҳаларига қизиқишни кучайтирмоқда — Саида Мирзиёева
13:13
Ҳўрмуз яқинида АҚШ армиясининг «Apache» вертолёти қулаб тушди
10:25