Жаҳон | 14:40 / 06.12.2017
7368
3 дақиқада ўқилади

Яна КХДР муаммоси. Жанубий Корея президенти Хитойга боради

Фото: AP

Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин Хитойга 13-16 декабрь кунлари давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда идора расмий вакили Лу Каннинг ХХР ТИВ сайтида жойлаштирилган баёнотида айтилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, ташриф ХХР раиси Си Цзиньпиннинг таклифи бўйича амалга оширилади. Жанубий Корея президентининг Хитойга ташрифи дастури нималардан иборат экани очиқланмаган.

Шу билан бирга, Жанубий Корея етакчиси маъмуриятининг тарқатган хабарига кўра, президент Хитойда КХДР ракета-ядро муаммосини муҳокама қилади.

"Кутилишича, Мун Чжэ Ин уч кунлик давлат ташрифи давомида ХХР раис Си Цзиньпин билан ўзаро музокараларда КХДР ракета-ядро дастури мавзусини тилга олади", - дея таъкидланади хабарда.

Корея ярим оролидаги кескинлик КХДР ракета ва ядро дастурини фаол ривожлантираётгани, шунингдек АҚШ ҳамда унинг минтақадаги иттифоқчиларининг ҳарбий машғулотлари туфайли сақланиб турибди. КХДР июлда икки марта баллистик ракета синовини ўтказди, 29 август ва 15 сентябрь куни эса яна иккита ракетани учирди, улар Япония ҳудуди устидан учиб ўтган, 3 сентябрда эса водород заряди муваффақиятли синалгани ҳақида эълон қилди. БМТ Хавфсизлик кенгаши шу сабабдан республикага нисбатан халқаро санкциялар режимини кескин кучайтирди. 

КХДР сентябрь ойи ўрталаридан бошлаб, 75 кун давомида қандайдир провокация ҳаракатларидан тийилиб турди, бироқ 29 ноябрь куни "Хвасон-15" қитъалараро баллистик ракетасини учирди. Экспертларнинг фикрига кўра, бу принципиал жиҳатдан янги ракета 13 минг километрга қадар бўлган масофани босиб ўтиши мумкин. АҚШнинг деярли барча ҳудуди нишонга айланиши ҳам мумкинлиги истисно этилмади.

Пекин ва Сеул муносабатлари эса сўнгги вақтларда ракеталарга қарши мудофаа муаммолари туфайли унчалик яхши эмас. 2016 йилнинг июнида Жанубий Корея ҳукумати ўз ҳудудида Американинг THAAD зенит-ракета мажмуасини жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Ер усти ракеталарга қарши мудофаа тизими парвоз траекториясининг ўрта босқичи якуний нуқтасида ва нишонга яқинлашганида баллистик ракеталарнинг бош қисмини тутиб олиши мумкин. 

Корея ярим оролида THAAD тизимини жойлаштиришга КХДР томонидан келувчи ракета-ядро таҳдидига доимий равишда қарши туриш асос бўлиб хизмат қилди. Хитой ва Россия бунга қатъий қарши чиқди, уларнинг фикрича, бу қадам ўзларининг стратегик хавфсизлигига таҳдид уйғотади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид