Спорт | 09:30 / 09.02.2018
13158
5 дақиқада ўқилади

Пёнгчанг-2018. Асосий олимпия стадиони қанча туради?

Фото: Olympic.org

Олимпия стадиони билан ўйинлардан кейин нима бўлади – Forbes шу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилиб кўрди.

Ўйинларнинг очилиш шоуси сценарийси ҳар доим катта сирдир. Асосий интрига - Олимпия машъалини ким ва қандай қилиб ёқиши – олдиндан маълум бўлмаслиги керак. Шундай қилиб, Пёнгчангда ХОҚ Reuters агентлигини аккредитациядан маҳрум қилди, агентлик шоу репетициясидан олинган фотосуратларни эълон қилганди. Оммага аввалдан фақат байроқдорлар номи ошкор этилади. Норвегия байроғини биатлончи Эмиль Хегле Свендсен олиб ўтса, Швейцарияда – чанғичи Дарио Колонья, АҚШ – чаначи Эрин Хэмлин. Россиялик спортчилар допинг можароси туфайли 2018 йилги Ўйинларда нейтрал мақомда қатнашадилар, очилиш маросимида эса Олимпия байроғи остида ўтадилар – уни кўнгиллига ишониб топширишди.

Ўйинлардан сўнг асосий олимпия стадиони билан нима бўлади?

Олимпиада-2018’нинг очилиш маросими бир неча маротаба ўз «пропискасини» ўзгартирди. Дастлаб уни «Альпензия» трамплиндан сакраш маркази ҳудудида трибуналар сиғимини 50 000 га қадар ошириб, ўтказишни режалаштиришди (Лиллехаммердаги 1994 йилги ўйинлар ташкилотчилари шундай қилишганди). Лекин 2012 йилги ўйинларда ташкилий қўмита шоуга тайёргарлик кўриш спортчилар машғулотларига халақит бериши ҳақида маълум қилишди, шунинг учун маросимни кўчиришга қарор қилишди. Айнан қаерга экани эса – бироз муддат номаълум бўлиб турди. Спортнинг музли турларига мўлжалланган объектлар бир жойга жамланган, соҳилбўйидаги Каннин шаҳридаги стадионни реконструкциядан чиқариш ғояси эса Пёнгчанг аҳолисига ёқмади. Ўшанда кичик посёлкада вақтинчалик аренани қуришга қарор қилинди, у Альпензия курортидан икки километрлик масофада жойлашган.

Лойиҳани – беш бурчакли шаклга эга аренани – амалга оширишга 2014 йилда киришилди, 2017 йилнинг июлига келиб ишлар деярли якунланди (86,7 фоизлик тайёрлик). Стадион трибуналари 35 000 ўринга мўлжалланган, унинг устида том эса йўқ – ташкилий қўмита харажатларни кўпайтирмасликка қарор қилди. Қурилиш шундоқ ҳам 58 млн долларга тушди, Олимпиада ва Паралимпиада маросимларидан кейин арена барибир қисмларга бўлиб ташланади. Кичик вилоятга бундай катта стадион керак эмас, уни яхши ҳолда сақлаш учун ҳам маҳаллий бюджетда пуллар йўқ (йилига тахминан 4,5 млн долларга тушади). Натижада ўйинлардан кейинги реконструкция туфайли асосий трибуна 4 қаватга пасаяди ва музейга айланади, томошабин ўриндиқлари сони 5000 га қисқаради, атрофида эса боғ ҳудуди барпо этилади. Буларнинг бари лойиҳа умумий қийматини 105 млн долларга оширади.

Олимпиада-2018 маросимига чипталар харид қилган томошабинлар молиявий деталларни билмаганликлари маъқул. Улар совуқ ҳароратда очиқ осмон остида бир неча соат ўтиришларига тўғри келади. Об-ҳавони кузатиш маркази мутахассисларига кўра, 9 февраль куни кечқурун 5 даража совуққача ҳарорат кузатилади – бу ерлар учун хос бўлган кучли шамол туфайли. Америкалик журналистлар одамлар музлаб қолиши мумкин эканидан хавфсирашмоқда. Хусусан, AP ахборот агентлиги хабарига кўра, 2017 йилнинг охирида Пёнгчангдаги стадионида ўтган концерт вақтида олти киши музлаб қолгани туфайли шифохонага олиб кетилган.

2018 йилги ўйинлар ташкилий қўмитаси ҳам бироз ҳаяжонда: ҳар бир томошабинга ёмғир/қордан сақланиш (ёғингарчилик кузатиладиган бўлса), қўл ва оёқлар учун иситиш воситалари берилишига ваъда қилинди. Ўтказиш жойларида газли иситгичлар ўрнатилади. Бундан ташқари, тўртта трибуна бўйлаб баландлиги 3,5 метр бўлган поликарбонатли тўсиқлар ўрнатилди, улар шамолдан ҳимоя қилиши керак.

Спортчилар ҳақида эса экипировкалар ишлаб чиқарувчилари қайғуради. АҚШ терма жамоасининг расмий ҳамкори Polo Ralph Lauren жамоа учун иситиш имконига эга махсус курткалар ишлаб чиқди. Америкаликларни байроқлари иситади, унинг тасвири куртканинг ички қисмига ҳам жойлаштирилган бўлиб, аккумулятордан қувват олади ва иссиқликни ушлаб туради.

Спортчиларнинг паради вақтида дизайнерлик ишланмаларини кўриш ҳар доим қизиқ. «Очилиш маросими билан ҳеч қандай модалар ҳафталиклари тенглаша олмайди», - дея ҳисоблайди Forbes таҳлилчиси Стефан Рабимов. Французларнинг Lacoste’дан қордек оппоқ формаси, финларнинг ғаройиб бош кийимлари ва британияликларнинг Simon Jersey’дан элегант костюмлари – Олимпия ўйинларининг очилиш маросимидаги асосий юлдузлар аслида шулар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид