Ўзбекистон | 22:30 / 31.07.2018
15756
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят перинатал марказидаги воқеага зудлик билан расмий муносабат — Соғлиқни сақлаш вазирлиги хизмат текшируви ўтказади

Бугун, 31 июль куни KUN.UZ сайтида Самарқанд вилоят перинатал марказида муддатидан аввал туғилган чақалоқнинг жинсини қайд этиш билан боғлиқ хатоликка йўл қўйилгани ва чақалоқ нобуд бўлгач, турли тушунмовчиликлар ва шубҳа-гумонлар келиб чиққанини аниқлаштирувчи «Самарқанддаги вилоят перинатал марказида туғилган чақалоқ алмаштириб қўйилган эдими?» сарлавҳаси остида суриштирув материали эълон қилинган эди.

KUN.UZ’да эълон қилинган мазкур мақолага Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги зудлик билан ўз расмий муносабатини билдирди.

Вазир ўринбосари Элмира Боситхонова мазкур вазият юзасидан ўз муносабатини қуйидагича баён этди:

«Самарқанд вилоят перинатал марказида рўй берган мазкур ҳодиса, албатта, кишини ўйга толдирмасдан қолмайди, — деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари. — Тиббиёт ходимларнинг қўпол хатога йўл қўйиши, эътиборсизлиги турли шубҳа ва гумонларнинг урчишига сабаб бўлади».

Э.Боситхонованинг билдиришича, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев бошчилигида гуруҳ хизмат текшируви ўтказиш учун Самарқанд шаҳрига жўнаб кетган.

«Албатта, айрим шифокорларнинг врачлик этикаси ва деонтологияси қоидаларини бузганлиги, мураккаб вазиятда муомала маданияти ва хатти-ҳаракатлари рисоладагидек бўлмагани хизмат текшируви давомида атрофлича ўрганиб чиқилиб, керакли чоралар кўрилади», — деди Э.Боситхонова KUN.UZ’га.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид