Ўзбекистон | 10:15 / 31.07.2018
3800
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш таклиф қилинмоқда 

Фото: Sputnik

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Мустақилликкача Ўзбекистонда собиқ иттифоқ Қишлоқ хўжалик фанлари академиясининг Ўрта Осиё бўлими фаолият кўрсатар эди. Бу илмий даргоҳ нафақат мамлакатда, балки Марказий Осиё республикаларидаги илмий-тадқиқот институтлари, конструкторлик бюролари, тажриба заводлари, машина синаш ва тажриба қилиш станцияларининг ишига раҳбарлик қиларди. Ўша даврда қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқларда ушбу илмий марказнинг муносиб ҳиссаси бор эди. Ўзбекистон мустақил бўлгач, Ўрта Осиё бўлими ўрнида Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлари академияси ташкил этилди. 6 йил ўтгач, академия тугатилиб, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига бўйсунувчи “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази” шаклидаги бошқармага айлантирилди. Аммо бу қишлоқ хўжалиги соҳасида катта ўзгаришларга олиб келмади, дейилади мурожаатда.

“Мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғи ҳисобланган қишлоқ хўжалигини илмий асосда ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифасига айланмоқда. Юқорида айтилган фикрларга асосланиб, мамлакатимиздаги мавжуд илмий-ишлаб чиқариш базаси негизида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этишни таклиф қиламиз”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид